Айрим олий таълим муассасаларида порахўрлик, коррупция ҳолатлари кузатилишида талабаларнинг ҳам «ҳиссаси» бор. Гуруҳ етакчиси ёки ўқитувчи баҳо эвазига пул сўраган бўлса, талаба бу ҳақда хабар қилмаган, оқибатда таълим тизимида порахўрлик, коррупция илдиз отиб бораверган.
Президентнинг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ олий таълим тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Мазкур лойиҳа доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ОТМлар ректорлари Ўзбекистон халқига мурожаати йўллади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов бу мурожаатга муносабат билдириб, ўз таклифларини айтиб ўтди.
— Бу муаммо ҳақида қанчалик ошкора гапирадиган бўлсак, жамият шунчалик ушбу масала жиддийлиги ва унга қарши курашиш муҳимлигини англаб етади. Бунинг учун эса олий таълим тизими жамоатчилик учун имкон қадар очиқ бўлишини таъминлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Абитуриентлар ва талабалар учун энг муҳим бўлган жараёнлар – кириш имтиҳонлари ва синов имтиҳонлари билан боғлиқ жараёнларни ўтказишнинг аниқ қоидалари бўлиши керак. Имтиҳонлар, диссертация ишларининг ҳимояси барча учун очиқ ва ошкора ўтказилиши зарур.
Олий ўқув юртлари фаолиятига доир муҳим қарорларнинг муҳокамаси ва қабул қилинишида талабалар уюшмалари ва кенгашларининг иштирок этиши, шунингдек, ташкил қилинадиган турли комиссиялар ишига талабаларнинг ҳам киритилиш вақти келди.
Талабалар ва олий ўқув юрти раҳбарияти ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини берувчи механизмлар, масалан, университет виртуал қабулхонасини жорий этиш керак.
Қабул комиссиялари, аппеляция комиссиялари таркибига жамоатчилик ва ОАВ вакиллари ҳам киритилсин. Диплом ишлари ва диссертациялар, оппонентларнинг тақризлари кенг оммага эълон қилиб борилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бу амалиёт айрим олий ўқув юртларида жорий қилинган.
ОТМларда коррупцион ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имкониятини берувчи ишонч телефонларини ишга тушириш керак.
Республикадаги барча ОТМ талабалари ўртасида коррупцияга нисбатан мутлақо муросасиз муносабатни шакллантиришимиз керак. Кўпчилик талабалар коррупция фактлари тўғрисида хабар беришни хоҳламайди ва бу орқали коррупционерларни ҳимоя қилади ёки коррупциянинг кенг қулоч ёйишига кўмаклашади. Бунинг учун эса талабаларнинг ўзини ўзи бошқариш институтлари, талабаларнинг мустақил ҳамжамиятлари институтини кенг жорий қилиш лозим бўлади.
Изоҳ (0)