2019 йил 14 июль куни Тошкент шаҳрига Ajlan & Bros Holding Group (Саудия Арабистони) раиси шайх Муҳаммад бин Абдулазиз ал-Ажлан бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ташрифни ташкиллаштирган Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси берган маълумотга кўра, Ajlan & Bros араб эркакларининг классик кийимларини ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири бўлиб, мамлакат ичкарисида ва бошқа араб давлатларида 45 та филиал ва 200 та улгуржи савдо пунктларига эга.
Ajlan & Bros раҳбариятининг ташриф дастуридан Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамасида, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси раҳбарияти, Андижон ва Наманган вилояти ҳокимлари ва бошқа потенциал шериклар билан учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.
Ташриф якунларига кўра, аниқ инвестиция лойиҳалари ва Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Саудия Арабистони ва бошқа қўшни давлатларга экспорт қилиш бўйича келишувларга эришиш кутилмоқда.
Изоҳ (0)