«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
Нобель мукофоти соҳиблари Эрон ҳақида нима демоқда?
Эрон санкцияларининг бекор қилинишини истаётган бир пайтда АҚШ ядро Эрон ядровий қурол яратмаслигига кафолат бўлишини истамоқда. Музокаралар бошлаш вақти келди.
Президент Ҳасан Руҳоний Эрон уранни «мамлакатга зарур бўлган ҳажмда» бойита бошлашини эълон қилди. Дональд Трамп маъмурияти бунга жавобан, «максимал босим» сиёсатини давом эттиражагини билдирди.
«Ҳаётини тинчлик ва муросага бағишлаган АҚШ ва Эрон ватандошлари сифатида биз давлатларимиз ўртасида кескинлик кучайганидан хавотирдамиз», – деб баёнот берди икки нафар америкалик ва эронлик Нобель мукофоти совриндори.
Баёнотда айтилишича, Вашингтон ва Теҳрон дарҳол барча чораларни қўллаб, бошқа ядро келишуви қатнашчилари ёрдамида вазиятни барқарорлаштириши ҳамда томонларни қониқтирадиган музокаралар шартини белгалиб берадиган учрашувларни бошлаши лозим.
3 июль санасида президент Руҳоний «Бизнинг барча ҳаракатларимиз бир соат ичида бекор қилиниши мумкин», деб ҳам айтди. Бу эса Эрон ҳукумати музокараларга рози эканини билдирмоқда. Бу баёнот музокараларни бошлаш учун ўта фавқулодда имконият ҳозирлади. АҚШ ҳукумати музокараларни бошлаш учун баёнот билан чиқиши керак. Кучли босим ўтказиш сиёсати Эроннинг Ироқ, Яман ва Сурияда янада қалтисроқ сиёсат юргазишига олиб келиши мумкин.
Якшанба куни ядровий битимнинг бошқа қатнашчилари – Хитой, Франция, Германия, Россия ва Буюк Британия АҚШ томонидан бекор қилинган ядровий битимни ҳимоя қилиши учун Эрон белгилаган 60 кунлик муддат ниҳоясига етди. Эрон эса айни вазиятда янги талабларни олға суришдан чекинмайди.
АҚШ билан ўткир низо Эроннинг ички сиёсатида хоинлик ва террорчиликда айбланаётган ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан кескин чоралар кучайтирилишига олиб келади.
Теҳрон аллақачон адвокат ҳамда ҳуқуқ фаоли Насрин Сотудени 148 дарра ва 38,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиб бўлди. «Ҳуқуқ ҳимоячилари» маркази раҳбари Наргис Муҳаммадий фаолияти учун 21 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олди. Бу фаоллар инсон ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилгани учун жазоланди.
Ҳарбий қарама-қаршилик натижасида озодлик ва демократия учун курашчиларгина хавф остида қолмаяпти, аксинча, АҚШ қўллаётган санкциялар Эрон иқтисодиётини издан чиқариб, заифлаштирмоқда ҳам.
Эронда нарх-наво ошиши алалоқибат аҳоли турмуш даражаси пасайишига, Эрон риёли 60 фоизгача қадрсизланишига, ишсизликка ва турмуш шароити оғирлашувига олиб келмоқда. Оқибатда эронликлар дастлабки тиббий воситаларни харид қилишга, гўшт, сабзавот маҳсулотларини сотиб олишга қийналмоқда. Бу эса коррупция ботқоғига ботган Руҳоний ҳукумати атрофидагиларнинг ҳам коррупцияга мойиллигини оширмоқда.
Америкаликларнинг тинчлик юзасидан хавотири ҳам юқори. Эрон кўп йиллардан бери АҚШга қарши кураш учун зазира тўплаб, тайёрланиб келади. Расмий Теҳрон қўл остида замонавий қурол ва ракеталар мавжуд. Мабодо уруш чиққудек бўлса, бу энг аввало Яқин Шарқдаги қашшоқлар, аёллар ва болалар ҳаётига катта хавф туғдиради.
Айни пайтда Теҳрон ва Вашингтон учун бир битимга келиш вақти етиб келди ва унинг имзоланиши аҳоли манфаатларига хизмат қилади, дейди 2003 йилда Нобель мукофоти совриндорига айланган Ширин Абадий ва америкалик Нобель соҳиби Жоди Уильямс.
Бременда мағлуб бўлган ГСДП ҳокимиятда қолмоқда
Бременда май охирида қонун чиқарувчи орган – Бюргершафтга сайловлар бўлиб ўтди. ГФРнинг федерал ўлкаларидан бири бўлган бу шимолий шаҳар «сўнгги қизил истеҳком» мақомига эга. Аммо ўтган сайловда 73 йил мобайнида бошқарувда бўлган ГСДП мағлубиятга учради. Сайлов ғолиби бўлган ХДС эса ҳеч вақосиз қолди. Мағлубиятга учраган социал-демократлар раҳбарликни яна давом эттиради. Бунга сабаб «яшиллар» «қора-сариқ-зангор» «Ямайка» иттифоқини тузишдан бош тортганидир. Бременда тузилган бошқарувчи иттифоқ, Берлиндаги каби, «қизил-қизил-яшиллар» бўлди. Бу ГСДП, сўллар ва яшилларнинг Бременни бошқариш учун тузган илк иттифоқига айланди.
Сайловда социал-демократлар 24,9 фоиз, яшиллар 17,4 фоиз, сўллар 11,3 фоиз овоз тўплади. «Қизиллар» ва «яшиллар» 140 саҳифадан иборат иттифоқ битими ҳам тузди. Кейинги тўрт йил мобайнида улар иқлим ҳимоясини кучайтириш, жамоат транспортини ривожлантириш, 2030 йилгача Бременни автомобиль транспортидан халос қилиш вазифаларини режалаштиришган. Бремендаги уч кўмир электр станцияси 2023 йилда иш фаолиятини тўхтатиши керак. Аммо бу қимматбаҳо лойиҳаларни молиялаштириш иттифоқ битимида кўрсатилмаган. Бремен сўнгги ўн йилликлар давомида аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Германиядаги энг қарздор бўлиб қолаётган ўлка ҳисобланади.
Бременнинг янги ҳокими ва «қизил-қизил-яшил» сенатнинг биринчи раҳбари СДПнинг Бюргершафтдаги фракцияси раиси Андреас Бовеншульте бўлади. У ГСДП бўйича сафдоши ва сайловда ютқазгани учун кетишга мажбур бўлаётган Карстен Зилингнинг ўрнини эгаллайди. Бовеншульте ва бошқа вазирлар номзодлари учун овоз бериш Бремен ерининг олий қонун чиқарувчи органи август ойида овоз бериши мумкин.
Европа Иттифоқи Исроил танқиди остида
Альберт Эйнштейн «ҳар қандай аҳмоқ билиши мумкин, аммо ҳақиқий донишмандлик тушунишдадир» деган эди. Ҳар қандай ақли ноқис – Эрон ядро қуроли борасидаги дастурини тўхтатмаслигини билиши мумкин. Лекин Исроилдаги кўпчилик, шу жумладан, бош вазир Нетаньяху аслида вазият шундай тус олаётганини тушунди. Буни АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам тушуниб, 2015 йилда эришилган ядровий битимни бекор қилди ва Эронга қарши санкцияларни тиклади. Трамп бу билан оятулло режимини узоқ муддатли, мажбурловчи ва қатъийроқ янги битим тузиш учун музокаралар столига қайтаришига умид қилган эди.
Бу орада Европа Иттифоқи ва унда устунлик қиладиган давлатлар – Германия, Франция ва Буюк Британия содир бўлаётган воқеаларни тушунишдан бош тортди ёки тушунишни истамади. Ҳаттоки Эрон шу кунларда ядро битимини қўпол тарзда бузишини эълон қилганида ҳам Теҳроннинг хатти-ҳаракатини кулгили шаклда танқид қилиш билан чекланди. Улар Эрон баёнотидан «ташвишланаётганини» билдирди ва «МАГАТЭнинг тегишли қарорини» кутишга қарор қилди; улар Эронни «битимни бузадиган ҳаракатлардан воз кечишга» чақирди. Бу гўёки Эрондаги оятулло режими ёш бола-ю, бармоқ билан пўписа қилинса, интизомга келиб қоладигандек таассурот уйғотди.
Эрон билан содир бўлаётган зиддиятларда европаликлар ўзларининг барча салбий жиҳатлари: қўрқоқлик, заифлик, принципларнинг йўқлигини ва, қанчалик қимматга тушмасин, Эрон билан ярашишга тайёр эканликларини намоён қилди. Яна бир қизиқ ҳолат шундаки, Европа Иттифоқининг хавфсизлик ва ташқи ишлар бўйича олий вакили Федерика Могерини ўрнини «Эрон Исроилни йўқ қилишни истайди. Бу янгилик эмас. Биз бу билан яшашимизга тўғри келади», деб баёнот берган собиқ Испания ташқи ишлар вазири Жозеп Боррел эгаллайди.
Боррелнинг (демак, Европа Иттифоқининг ҳам) фикрича, Эрон Исроилни йўқотишга уриниши ҳеч нарса эмас ва бунга тоқат қилиш мумкин.
Бу аслида Европа Иттифоқининг Эронга нисбатан сиёсати моҳиятини кўрсатади – иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш учун таслим бўлиш. Европаликларнинг халқаро битимларга риоя қилиш зарурлиги борасидаги барча гаплари ёлғон. Европаликлар 2015 йилги ядро битими оятулло режимига вақтдан ютиш учунгина кераклигини Обама маъмурияти сингари аввал бошиданоқ билган. Устига устак, Европа дипломатияси ўзининг таслимчилик сиёсати билан фахрланиб қўяди.
Бу воқеалар Исроил учун муҳим сабоқ бўлиши лозим. Айниқса Европа Иттифоқи «икки давлатчилик» формуласини қабул қилдириш учун Исроилга босим ўтказишга уринганда бу ўта муҳим. Европаликлар учун Эрон Исроилни йўқ қилишга чақириғи сингари фаластинликлар ҳам яҳудий давлатини йўқ қилишни исташи оддий ҳолдир. Европа бундай ҳаёт тарзи билан яшашга тоқат қилар, исроилликлар эмас.
АҚШ Исроилни Хитой билан битимлардан огоҳлантирди
Хитойнинг жаҳон тартибларидан устунлик қилишга уриниши ва қошниларини қўрқитишга асосланган сиёсати «АҚШ миллий хавфсизлиги учун узоқ муддатли хатардир», деб таъкидлади АҚШ мудофаа вазирининг сиёсат бўйича ўринбосари Жон Руд.
АҚШ маъмурияти Исроилни Хитойнинг 5G уяли алоқа технологиясини жорий қилиши билан боғлиқ хавфсизликка таҳдиддан огоҳлантирди.
Мудофаа вазирлигининг энг юқори мансабдорларидан бири бўлган Жон Руд Герцлиядаги конференцияда қатнашиш учун Исроилга ташриф буюрган эди. У Исроилнинг олий мансабдорлари билан учрашувда Хитой билам битимлар бўйича огоҳлантириш бериши учрашувларнинг марказий мавзуси бўлди.
«Хитойнинг даъволари шундаки, у дунё етакчиси бўлмоқчи, биз бундан қўрқмаймиз. Бизни ташвишлантираётган нарса АҚШ билан Исроил инсон эркинлиги, эркин савдо, ғояларнинг эркин ҳаракатланиши, бошқаларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш, ақлий мулк, инновациялар борасида бир хил қараш ва қадриятларга эга. Хитой эса бу қадриятлар фойда келтирадиган тартибга хавф туғдирмоқда», – деди мулозим.
«Биз Хитой ҳарбий қудрати ўсаётганини бироз ташвиш билан кузатиб турибмиз. Хитой океанлардаги бир қатор ҳудудларга кўз тикиб, қўшниларини қўрқитмоқчи бўляпти», – сўзида давом этди у.
«Биз Исроилдан Хитой билан савдо битимлари тузишдан бош тортишини сўрамаймиз, мамлакатлар ўртасида албатта савдо муносабатлари бўлади. Бизнинг муаммоимиз Хитой дунёнинг турли бурчакларида йиртқичларча иқтисодий фаолият юритаётгани, унинг ҳаракатлари чин иқтисодий фойда келтирадиган савдо эмаслиги ва Хитой хавфсизлик кучлари иқтисодий алоқалардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланаётганидадир. Хитойда давлат ва хусусий сектор ўртасида қалин алоқа мавжуд. Хитой телекоммуникация ва портларда савдо юритмоқда, уларнинг ортидан эса хавфсизлик хизматлари диққат билан кузатмоқда. Хитой хориж давлатларига сармоя киритаётгани ва бу сармоя олаётган давлатлар учун бахтли ҳодиса бўлмаётганини кўриб турибмиз», – деб қайд этди Руд жаноблари.
Руд Исроилдаги элита билан учрашувда қандай йўл тутишга келишиб олингани тафсилотларига тўхталишдан бош тортди. Аммо учрашувда аниқ масалалалар ҳақида фикр алмашилгани, Исроил тарафи АҚШнинг хавотирларини диққат билан тинглаганига урғу берилди.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)