Ўзбекистон февралда евробондлар чиқаришни муваффақиятли бошлаганидан сўнг бу йил яна бир марта долларда еврооблигациялар чиқарган ҳолда жаҳон бозорига йўл очиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки раҳбари Мамаризо Нурмуратов 3−5 июль кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Халқаро молия конгресси майдонларида маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».

Фото: «Газета.ru»

«Халқаро сармоядорлар мамлакат кредит тарихини кўриш имкониятига эга бўлишлари лозим. Бизнинг биринчи чиқаришимиз ҳали бизга тарих яратмайди, у шунчаки бенчмарк яратди», — деди Марказий банк раҳбари.

Мамаризо Нурмуратов сўзларига кўра, янги облигациялар 1 миллиард долларлик қийматда чиқарилади. Ўзбекистон тижорат банклари ҳам жорий йилдан доллардаги облигацияларини сотишни бошлашлари мумкин, дея қайд этди Марказий банк раҳбари.

«Бизга давлат харажатлари учун пул керак эмас, бироқ биз халқаро бозорда мавжуд бўлиб туришимиз лозим», — деб ҳисоблайди Мамаризо Нурмуратов. У айни вақтда облигацияларнинг долларда чиқарилаётгани мантиқли эканини қўшимча қилди, чунки мамлакат ташқи савдоси, асосан, ушбу валютада амалга оширилади.

Инвесторлар Ўзбекистонга евробондларнинг биринчи савдоси учун 5,5 миллиард доллардан зиёд маблағ таклиф этган эди. Bloomberg Барcлай индексига кўра, облигациялар 14 февралда савдога чиқарилган вақтдан 8,4 фоизга кўтарилган. Ривожланган бозорларда бу кўрсаткич 6,2 фоизни ташкил этади.

«Биз чет эллик сармоядорларга тўғридан тўғри инвестициялар учун сигнал берамиз ва қарз мажбуриятлари бозорига чиқамиз», — деди Мамаризо Нурмуратов.

Биринчи сотувдан тушган маблағлар қуйидаги шаклда тақсимланди: 889,2 миллион доллар аукцион орқали тижорат банклари депозит ҳисоб рақамларига жойлаштирилди, 20 миллион доллар «Агробанк»ка қарз сифатида берилди, 89,9 миллион доллар эса Навоий кон-металлургия комбинатига ссуда сифатида ажратилди.