Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси АҚШдаги ўзбекистонликлар билан маданий ва маърифий алоқаларни йўлга қўйиш масалаларида қатор амалий ишларни амалга оширмоқда, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.
Шу ишлар доирасида Чикаго шаҳридаги «Ўзбек—Америка ассоциацияси» президенти Олим Шарипов раҳбарлигида бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг фарзандлари 8 июль куни Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Улар 20 кун давомида Ўзбекистонда меҳмон бўлади, қариндошлари билан учрашиб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Юсуфхона» қишлоғидаги «Ёшлик» болалар оромгоҳида ёзги таътил мавсумида ҳордиқ чиқариб дам олади.
«Ўзбек—Америка» жамияти раҳбари Олим Шарипов ўз фикрлари билан ўртоқлашиб : «Жамиятимиз Америкада яшаётган ўзбек фуқаролари орасида она тилимизни, маданиятимизни, урф-одатларимизни сақлаш, болаларимизни ўзбекона руҳда тарбиялаш ва америкаликларга Ўзбекистонни фақат яхши томондан танитиш мақсадида тузилган», — деб таъкидлаган.
Изоҳ (0)