Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 3 июль куни журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Наманган вилоятида халқ таълими тизими ходимлари оммавий мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳолатига муносабат билдирди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Наманганнинг Косонсой туманидаги 54 та мактаб ходимлари 29 июнь куни тумандаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйига бетон қуйиш ишларига мажбурлангани маълум бўлган эди. «Kun.uz»нинг ёзишича, «мазкур қурилишларга ўқитувчилар мажбуран, ҳар хил дўқ-пўписалар билан олиб чиқилган».
Вазир Шерматов ушбу масалага тўхталаркан, ўқитувчиларни эксплуатация қилиш ҳолатлари барҳам берилгани, бироқ тизимдаги техник ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари давом этаётганини таъкидлади.
«Намангандаги ҳолат ҳақида сўрасам, ‘техник ходимлар жалб этилган’, дейишди. Бу баҳона эмас. Улар ҳам халқ таълими тизими ходими. Меҳнат кодекси ҳамма учун бир хил», — деди вазир.
Вазир Шерзод Шерматовнинг қўшимча қилишича, 2018 йилги пахта теримига ҳам халқ таълими тизимидан асосан техник ходимлар жалб қилинган.
«Ўқитувчилар тизимли эксплуатация қилинишининг олди олинди. Масалан, 2018 йили 14 августда Президент қарори чиққанига қарамай, пахта йиғим-терими мавсуми яқинлашавергани сайин, ўқитувчилар мендан хавотир билан: ‘Бу йил ростдан ҳам теримга чиқмаймизми?’, деб сўраганди. Ўтган йил ўқитувчилар пахтага ёппасига олиб чиқилгани йўқ. Бир-икки жойда техник ходимларни теримга жалб қилиш ҳолатлари бўлган бўлиши мумкин. Лекин техник ходим ҳам — халқ таълими тизими ходими. Бу — техник ходим, буниси — ўқитувчи, деб ажратишга ва халқ таълими тизими ходимини ўзбошимчалик билан бошқа жойда мажбурий ишлатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ», — деди вазир.
Изоҳ (0)