Ўзбекистонда гемодиализ хизмати марказлари барпо этилади. Буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш агентлиги Халқаро молия корпорацияси кўмагида амалга оширади.
ДХШ агентлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, гемодиализ клиникасини ДХШ асосида ривожлантириш учун 10 дан ортиқ йирик хорижий инвесторлар қизиқиш билдирмоқда. Халқаро молия корпорацияси ушбу лойиҳанинг асосий маслаҳатчиси сифатида иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда маҳаллий инвестор илгари сураётган стерилизация хизматини ДХШ асосида лойиҳалаштириш ташаббуси ўрганиб чиқилмоқда. Бундай хизматни жорий қилиш жиҳозлардан юқиши мумкин бўлган кўпгина касалликларни олдини олади.
Ўзбекистон тиббиёт тизимида долзарблик касб этиб турган онкология йўналишида ДХШ асосида лойиҳа берилмоқда. Тендер асосида амалга ошириладиган бу жараёнда дунёнинг йирик корхоналари қатнашиш истагини билдирмоқда. Жумладан, онкология соҳасидаги ДХШ лойиҳасини амалга ошириш бўйича Европанинг йирик компаниялари қизиқиш билдирмоқда.
Бундан ташқари, Тошкентда айрим шифохоналарни тез орада маҳаллий инвестор ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигидаги ДХШ лойиҳасига айлантириш режалаштирилган. Улар орасида инсультдан кейинги реабилитация маркази бўлиши режалаштирилаётган лойиҳа ҳам бор. Агар лойиҳа амалга ошириладиган бўлса ушбу марказда 200 нафар бемор реабилитация хизматларини олиш имконига эга бўлади.
Изоҳ (0)