Калифорния тоғларида бир ҳафта давомида адашиб юрган 73 ёшли Юджин Жога 29 июнь куни шифохонадан чиқишга рухсат берилди, деб хабар қилади Forum Daily.
Қидирув-қутқарув гуруҳи Twitter’даги саҳифасига Жо билан тушган расмини жойлаштирди.
Жо саёҳатга чиққан гуруҳидан ажралиб қолиб, Уотерман тоғи яқинида йўқолиб қолгач, 75 нафарга яқин одам 11 гуруҳга бўлиниб, Лос-Анжелес шимолидаги Сан-Габриэль тоғларида қидирув ишларини бошлаб юборган эди.
Орадан етти кун ўтгач, 29 июнь куни соат 11:00 да қидирув-қутқарув гуруxи Жони топишга муваффақ бўлган. 73 ёшли эркак ҳеч қандай жиддий жароҳат олмаган ва зудлик билан шифохонага етказилган.
Жо беш кун давомида овқат емаган ва «Иблис каньони»даги ирмоқлардан сув ичиб, жон сақлаган. Исиниш учун кундуз куни тошлар устида ётган.
Изоҳ (0)