Москвада одамларни заҳарлаш ва ўғирликлар содир этишда гумонланиб 26 ёшли Кабардино-Балкария фуқароси қўлга олинди, деб хабар беради Meduza.
Маълум бўлишича, Мурат Сабанов исмли фуқаро шаҳар марказида одамларга ичига кучли таъсир кўрсатувчи модда қўшилган ичимлик улашган ва ҳушидан кетган йўловчиларни ўмариш билан шуғулланган.
Гумонланувчининг ёнидан транквилизатор ва нейролептиклар топилган. Ҳозирда унга нисбатан ўғирлик ва безорилик моддаси бўйича жиноят иши очилган.
Village нашрининг ёзишича, Мурат Сабановнинг хатти-ҳаракатлари оқибатида камида 24 киши жабрланган, уларнинг айримлари вақтинча кома ҳолатига ҳам тушиб қолган. Гумонланувчи 17 кишини ўмарганини тан олган, бироқ уларни заҳарлаганини рад этган.
Гумонланувчи онасининг сўзларига кўра, Мурат ёшлидан полициячи бўлишни орзу қилган. Йигитча аввалига Россия Ички ишлар вазирлигининг Краснодар университетидаги филиалига ўқишга кирган ва у ерда икки йил ўқиган (университетдагилар буни рад этмоқда), шундан сўнг Москва юридик институтида таҳсил олган. Армияда хизмат қилиб Москвага жўнаб кетган. Бир неча бор ички ишлар органига ҳужжат топширган, бироқ пропискаси йўқлиги сабаб уни хизматга олишмаган.
Изоҳ (0)