«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Ёлғончи блогерлар

Блогерлар ҳақида янги латифа тўқишибди: блогерларни олиб кетаётган автобус аварияга учрабди. Қутқарувчилар келса, автобус мажақланган, блогерлар йўқ. Маҳаллий чолларнинг биридан сўрашса, «ичидагиларни кўмиб қўйдим», дебди. «Эҳ, аттанг, бирортасиям тирик қолмаптими?» дейишса, чол қурғур «Биттаси ‘отахон, мен тирикман’, деб ингради, лекин унинг гапига ким ҳам ишонарди», дермиш.

Қаланғи-қасанғи блогерларнинг ёлғон-яшиғидан безор бўлдик, дейишмоқчи. Очиғи, латифани қизиқчи боладан эшитиб аввал бир ғижиндим. Блогерларни бугун жамият ислоҳотчиси жадидларга қиёслаб туришганда, таниқли блогерларга давлат мулозимлари эҳтиром кўрсатаётганда бунақа латифа ғашингни келтиради-да. Эҳтиёткор оққушлар орасида ўзингни жуда бир қаҳрамон ҳисобламасанг ҳам, бошингга ташвиш келишидан қўрқмай ёзаётганинг учун қандайдир бир алоҳида шахс ҳисоблагинг келади.

Аммо бу тўғрими? Стереотип деган нарсалар бор. Бирор-бир нарсага нисбатан ўрнашиб қолган қолип тушунча, тасаввур. Дейлик, прокурор, милиция деганда порахўрликни, шоу-бизнес деганда ахлоқсизликни, ҳарбийлар деганда тўпориликни, депутат деганда қарсакбозликни хаёлимизга келтирамиз. Бу стереотиплар латифаларимизгача уриб кетган. Ҳа, яҳудий пишиқ-пухта, чукча содда, арман уддабурон, афғон анъанадор, ҳинд раққос, рус ичкиликбоз бўлади, деган тасаввурлар миямизга ўрнашган. Аслида булар жуда юзаки тасаввурлигини ҳаммамиз яхши биламиз, чунки русларнинг ҳаммасиям пиёниста эмас, соддароқ яҳудий ҳам бўлади. Депутатлар орасида жонкуярлари бор, ҳалол милиция ходимлари ҳам кўп. Хўш, улар ўзи ҳақидаги латифани эшитмаганми? Депутатларнинг устида кулиб чизган карикатураларимизни, мемларимизни ўзлари кўрмаганми? Кўрган, эшитган, албатта. Аммо стереотипни ўзгартириш учун бутун бир авлод умри керак бўлади, баъзан.

Хўш, оғайни, биз блогерлар нима қиламиз? Нима қилардик, йўлимизда давом этамиз. Ёлғон ёзмасликка/чизмасликка, ёлғонга эътибор бермасликка тиришамиз. Латифаларга эса жирилламасдан тоқатли бўламиз. «Ҳаммасиям эмас» деб дисклеймер (олифта сўз учун узр) тиркашга шошмаймиз. Хурсанд бўл, бирад, сени тан олишяпти. Кун келиб блогерлар ростгўй тоифа эди, деб эслашсин.

Энг арзон нарса

Фото: «Xabar.uz»

Энг арзон ва беқадр буюмни биласизми? Елим баклажка эмас. Полиэтилен пакет ҳам эмас. Tizer’нинг ютуқсиз қопқоғи эмас. Қўйнинг терисияммас. Бу Cobalt машинасидир.

Даставвал эгизакларга совға қилишди. Ҳаммасигаяммас, тегишли исмлар қўйилганларига. Урфий исм қўйганларга Cobalt шартмас. Журналистлар бошида танқидга бир оз андиша қилди. Ўзбекчиликда фарзанд дунёга келиши байрам, чақалоқ ширин, ҳарқалай, Cobalt’чилик модасига нордон гаплар айтишдан тийилишди. Аммо қўлбола ҳотамтойликдан бошланган одат модага айланиб, одамлар тамагирликкача етиб бораётганида танқид ҳам қилинди. Аммо Cobalt’нинг қадри бу билан қимматлашиб қолмади. Канн фестивалида Гран-при лауреати бўлган талабага идиш-товоқ совға, аммо беш ташаббус ҳақида шеър машқ қилган қизалоққа яна Cobalt. Шеърни ўқиб, юмшоқроқ айтганда бир машқ экан-да, деб қўясан киши. ЎзАнинг ёзишича, бу шеърни тумандаги катта-ю кичик тун-у кун хиргойи қилиб юрганмиш. Ҳа, Шерали-ю Юлдузлар ҳам юрибди-да машҳурман деб. Шеърни сиз ҳам ўқинг.

Беш ташаббус

Беш ташаббус кашф этилди,

Яратилди, етилди.

Ўқилди Гулистонда,

Иш бошланди Бўстонда.

...

Компьютер бор ҳар уйда,

Гоҳ кундузи, гоҳ тунда.

Интернетни ёқамиз,

Кенг оламга боқамиз.

Бу ҳам бир ажиб тузоқ,

Кириб кетмангиз узоқ.

Афсус қиласиз кейин,

Чиқиш жуда ҳам қийин.

...

Юртбошим бўлинг омон,

Сиз доимо халқ томон.

Юртимиз тинч, эл тотув,

Кимларгадир бу орзу.

Сизда Темурнинг қони,

Сиз чин Ўзбек ўғлони.

Cobalt арзонлигига ишонч ҳосил қилдингизми?

Гулнора опа, чўнтак бақувватми?

Бугун «Sof.uz» Telegram-каналида «Сизнингча, Гулнора Каримовани озод қилиш керакми?» деган аноним сўровнома эълон қилди. Сўровнома мингдан ортиқ муносабат тўплаган бўлса, энг кўп (49 фоиз) овоз берувчилар уни озод қилиб, маблағидан тараққиёт йўлида фойдаланиш кераклигини маъқуллади. Сўровномага турли вақтлар орасида 4–5 марта қайта-қайта мўраладим. Қизиғи, уни озод қилиш ва озод қилмаслик тарафдорлари овозидаги тафовут биринчи гуруҳ фойдасига ҳамиша 10–12 фоиз фарқ билан сақланиб қолди.

Скрин: «Дарё»

Воқеа. Таксида бир ёшроқ йигитча билан ҳамсуҳбат бўлдим. Машинада қоида бузиб, ўн кунча ўтириб чиққанини айтди. «Жарима тўласангиз бўлмасмиди?», деб қизиқдим. Айтишича, бир неча миллион сўмлик жарима солишган, унда эса бунча пул бўлмагани учун ҳибсда ўтириш вариантини танлаган. Жазонинг турларига эътибор қилинг: ё пул, ё ҳибс. «Ё мол, ё жон» саволига уйқашлигини айтмайсизми?

Яна бир воқеа. Ўртаҳол одамни бир боймат Prado’сида уриб кетди. Табиийки, шифохона харажатини кўтарди, меҳрибончиликлар қилди ва охирида қаматишга даъво қилмаслиги учун жабрдийдага уй олиб беришни таклиф қилди. Ногирон бўлиб қолган жабрдийданинг болалари кўп. Қамаца, сигири эгизак туғармиди? Эрта-индин амнистияга тушиб қайтиб келади. Бўлар иш бўлди, Худонинг иши, ўзингни ўйласанг-чи, уқтиради одамлар. 90 фоиз одам бундай ҳолда уйни танлайди.

Ҳа, опанинг пулларини олиш керак. Ва бу маблағни хайрияга сарфлаш керак. Оққон бўлган гўдаклар, саратонга чалинган камбағаллар озми? Уйсизларга уй берамиз, янги иш ўринлари яратамиз. Бир аёл қамоқда ўтирса, дунё адолатга тўлармиди, шунча қийналгани етар. Қолаверса, катта ғазнага пул чақириш учун турли жарималар ўйлаб топилаётганда мўмай маблағ ҳаводек зарур ахир. Овоз берганларнинг 49 фоизи шуни ўйлаган бўлса ажаб эмас.

Энди танганинг иккинчи ёғига қараймиз. 1 миллиард ўмариб, қўлга тушдинг. Аммо 900 миллионни давлатга топшириб, ўзинг 100 миллион билан қолдинг. Ёмонмас-а? Ҳа, фақат сенга ёмонмас. Жамият учун эса бу тузалмас касалликни юқтиришдир. Демак, мумкин экан, деган тушунча одамлар онгига ўрнашади. Қўйворишади, қарабсизки, эртага Instagram’да соҳилдаги соябонли оромкурсида ўтирган фотосуратини томоша қиламиз. Мингни ўмарсанг — ўғрисан, миллиардни ўмарсанг — уддабуронсан. Шунинг учун адолат-падолат, қонун-понун деган гапларингдан қорин тўймайди, укам, бойларни соғиш бутун дунёда анъанадир. Тасаввур қилдингизми, жиноятчи жазоланмаса, адолатга ишонч қандай йўқолишини. Бу қаршиларнинг нуқтаи назаридир.

Шундай бўлса-да, озод қилишади, деб ўйлаяпман. Чунки қонун ҳимоячиларимиз ҳам ўзимиздан бўлганлардир.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.