Тошкентда 22 июнь куни тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасидаги «Ташаббус—2019» кўрик-танловининг олти нафар ғолибига Президент соврини — Spark автомобиллари топширилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Танловнинг туман (шаҳар) босқичи 22 апрель—15 май кунлари бўлиб ўтган бўлса (унда 960 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қатнашган), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи 20 май—12 июнь кунлари бўлиб ўтган эди. «Ўзекспомарказ» мажмуасида 20—21 июнь кунлари ўтказилган республика босқичида ғолибликка даъвогар 69 нафар иштирокчи қатнашди — уларнинг 41 нафари тадбиркор, 14 нафари ҳунарманд ва 13 нафари фермер.
Республика босқичида бешта асосий йўналишлар бўйича 1, 2, 3-ўрин ғолиблари аниқланади. 3-ўрин соҳибларига бронза медали ва 15 миллион сўмдан пул мукофоти, 2-ўрин соҳибларига эса кумуш медали ва 20 миллон сўмдан пул мукофоти топширилди. Қуйидаги йўналишлар бўйича 1-ўрин соҳиблари олтин медаль, «Ташаббус» кўрик-танлов ҳайкалчаси ва Президент совғаси — Spark автомобиллари билан мукофотланди:
- «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори» — Nafis tex group компанияси раҳбари Аҳадхон Эшонов, Наманган вилояти;
- «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори» — Sitora Imkon Plus компанияси раҳбари Наргиза Саломова, Қашқадарё вилояти;
- «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори» — Export Fish Product компанияси раҳбари Обиджон Саидов, Навоий вилояти;
- «Йилнинг энг яхши фермери» — Mehnat-Faravon Hayot фермер хўжалиги раҳбари Абдусамат Норбоев, Сурхондарё вилояти;
- «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналиши бўйича иккита ҳунармандга 1-ўрин берилди — Даврон Тошев (Бухоро вилояти) ва Шавкат Юсупов (Тошкент вилояти).
Изоҳ (0)