УЕФА собиқ президенти Мишель Платини Франциянинг Нантер шаҳрида қўлга олинди, дея хабар беради Мediapart.
У Қатарга футбол бўйича Жаҳон Чемпионати—2022 мезбонлигини бериш доирасидаги терговлар доирасида қўлга олинди.
Le Monde хабарига кўра, 63 ёшли француз аввалига полициянинг коррупцияга қарши кураш бўлимига кўрсатма бериш учун чақирилган. Сўнг ўша ернинг ўзида ҳибсга олинган.
Франциянинг молиявий ишлар бўйича прокуратураси айни дамда шахсларни пора эвазига сотиб олиш иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Маълум бўлишича, Платини Жаҳон Чемпионатига мезбонлик қилувчи мамлакатни аниқлашдан бир неча кун аввал Швейцарияда Қатар футбол федерацияси вакиллари билан учрашган.
Платини бу ишларни Франция собиқ президенти Николя Саркозининг илтимосига кўра қилгани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қатар 2022 йилги мундиал мезбонлигини 2010 йил декабрида ФИФА ижроия қўмитасининг йиғилишидаги қарорига кўра қўлга киритган эди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)