Хитойдаги йирик AliExpress интернет дўкони Тожикистонда ўз ваколатхонасини очишни режалаштирмоқда, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
AliExpress — маҳсулотларни чакана ва улгуржи сотиш билан шуғулланувчи интернет дўкон бўлиб, ХХРдаги йирик савдо интернет майдончаси бўлмиш Alibaba Group таркибига киради.
Компаниянинг глобал логистика бўйича директори Рики Сюэ ўтган ҳафтада Петербург халқаро иқтисодий форумида баёнот бериб, AliExpress Тожикистон билан доимий суратда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига қараганда, айни дамда компания Тожикистон билан ҳамкорлик масаласида бир нечта таклиф устида иш олиб бормоқда. AliExpress’нинг глобал логистика директорининг хабар беришича, компания Тожикистонда ўзининг ваколатхонаси ва маҳсулотлар учун омбор очишни мўлжалламоқда.
AliExpress вакилининг тан олиб айтишича, ҳозир интернет дўконнинг Тожикистонда мижозлари кам, бироқ унинг сўзларига қараганда, ваколатхона очилганидан кейин вазият яхши томонга ўзгаради.
Тожикистон бозор ва дўконлари арзон Хитой маҳсулотлари билан тўлиб кетган. Тожик бозорига AliExpress компаниясининг кириб келиши, маҳаллий иқтисодчиларнинг сўзларига қараганда, маҳаллий тадбиркорлар, айниқса «Осмон ости мамлакати»дан маҳсулот олиб келиш билан шуғулланувчилар учун ноқулай сюрприз бўлади.
«AliExpress харидорларга воситачиларсиз маҳсулот етказиб беради, бу ўз-ўзидан маҳсулотнинг нархи бозор ёки дўкондаги баҳосидан арзон бўлади. Бу каби вазиятда харидор албатта AliExpress интернет дўконидан харид қилишни афзал кўради», — дейди тожикистонлик иқтисодчи Сотим Умаров.
Унинг сўзларига қараганда, Хитойнинг интернет дўкони бозордан электроника ва мобил телефонлари билан савдо қилувчи кичик компанияларни сиқиб чиқаради.
ХХРдаги йирик савдо интернет майдончаси бўлмиш Alibaba Group таркибига кирадиган — маҳсулотларни чакана ва улгуржи сотиш билан шуғулланувчи интернет-дўкон бўлган AliExpress.com — 1999 йилдан бери фаолият юритиб келади. Alibaba Group таркибига (Alibaba.com, Tmall, Taobao ва бош.) интернет дўконлари ҳам кириб, ўзининг Alipay тўлов тизимига эга. Компания хизматининг афзаллиги шундаки, сотувчи маҳсулот етказиб берилганидан кейингина пулни олади.
Изоҳ (0)