2018 йил сентябрда Ёқутистон (Саха) республикаси пойтахти – Якутск ҳокимлиги учун бўлиб ўтган сайловда партиясиз номзодини қўйган Сардана Авксентьева рақибларини катта устунлик билан ютиб чиқди. Ундан кейинги фаолияти давомида бу аёл нафақат Ёқутистон, балки бутун Россия фуқаролари муҳаббатини қандай қозонганини ҳақида тўхталиб ўтсак.
Мэрликка сайланибоқ Сардана хоним қилган биринчи иш – ҳокимиятга тегишли ўта қимматбаҳо йўлтанламасларни сотиб юбориб, ўрнига камтарона машиналарни сотиб олди. Аввалги амалдорлар машиналарни халққа кўз-кўз қилиб ҳайдаб юрган эди. Бу иш ҳақида янги мэр ўзининг Instagram’даги саҳифасида қуйидагича фикр билдирган эди:
Менинг асосий миссиям ҳокимият ва бошқарув органларига, умуман фуқаролар пули бўлмиш бюджетдаги маблағларни ортиқча сарфлардан сақлаш, иқтисод қилиш ва оқилона фойдаланишдир. Ва бунга қуйидаги йўллар билан эришмоқчиман:Кейинроқ Авксентьева сўзининг устидан чиқиб, барча қимматбаҳо машиналарни сотди ва ўрнига минилган Toyota Camry ҳамда «УАЗ Patriot» сотиб олди. Ҳар икки машина ҳокимият балансида сақланмоқда. Бу ишларидан сўнг аёл диққатга сазовор бир фикр айтди:- ҳокимят учун ажратилган маблағни қисқартириш;
- ҳар хил дабдабали байрамлар, зиёфатлар, «ёғли» қабулларни бекор қилиш;
- чет элларга ҳокимият ҳисобидан кераксиз саёҳатлар, командировкаларни қисқартириш, шаҳар делегацияси ходимларини сонини камайтириш;
- қимматбаҳо йўлтанламас машиналарни сотиб юбориш. Фотода турган машина биринчи бўлиб сотилади.
«Тўғри, Ёқутистоннинг йўллари яхши эмас, аммо буни йўлтанламас сотиб олиш билан бартараф қилиш керакмас. Ўша йўлларни текислаш керак».
Авксентьева йўл қурилиш ташкилоти раҳбарларини ишдан бўшатди ва йўл қурилиш компаниялари билан шартномаларни тўхтатди.
«Якутскда қиш мавсуми» номли модалар ҳафталиги ўтказилиш керак эди. Мазкур ҳафталикка сарфланажак харажатлар сметасини Сардана Авксентьеванинг ўзи кўриб чиқди ва либос намойиши учун Москвадан чақирилган машҳур модельер Ирина Куртикова учун ортиқча 800 минг рубль керак эмаслигини айтди:
«Ўзимизнинг модельерлар ҳам мўйнали кийимларни намойиш қилса бўлаверади, кераксиз харажатларни тўхтатиш вақти келди».
У кўзда тутилган 800 минг рубль маблағга 45 та мактабнинг бошланғич синфларига ҳаво тозалаш аппаратларини сотиб олиб берди. Бу иши билан, содда қилиб айтганда, олифталик учун сарфланажак пулни муҳимроқ ишга сарфлади.
Кейинроқ ҳоким оддий ишларни ҳам шахсан ўзи бориб текшира бошлади. Масалан, бир сафар у эрталаб фаррошларнинг ишини шахсан кўздан кечирди ва бор-йўғи икки киши ишга чиққанини, улар ҳам маст ҳолда эканини, бошлиқлари эса ишга кеч чиқишини аниқлади. Шахар тозалигини сақлашга бир йилда 40,7 миллион рубль сарфланишини, бу пулга 100 дан ортиқ ишчи йил давомида узлуксиз ишлаши мумкинлигини инобатга олган Авксентьева бу маблағни 65 фоизга қисқартирди.
Сардана Авксентьева бюджетдан молиялаштирилувчи ишларни тийин-тийинигача аниқлаштириш учун кенг қамровли текшириш ишлари олиб борди.
Якутск ҳокимининг яна бир диққатга сазовор иши, у ижтимоий тармоқларда тўғридан тўғри эфирлар уюштиради, халқ билан юзма-юз учрашувлар ўтказади. Одамларнинг саволларига тайинли ва асосли жавоб беришга ҳаракат қилиши, ҳукуматнинг шаффоф ишлашига қаттиқ ҳаракат қилаётгани диққатга сазовордир.
Ўзбекистонда, айтайлик, Навоийда ҳокимлик учун қимматбаҳо Malibu’лар сотиб олган ҳокимлик, ёки халқ билан юзма-юз учрашувларга эътибор бермайдиган айрим амалдорларимиз мана шундай ҳокимлардан намуна олса яхши бўлар эди.
Бизда ҳам бюджетдаги пул оддий фуқароларнинг пули, омонати эканини ва уни ҳар хил олифтагарчилик ишларига ўзлаштиришни тўхтатиш керак. Истаймизми, йўқми, ҳудудлар ривожи айнан ҳокимликларга боғлиқ.
Абдулазизхон Акрамов
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)