Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси II Парламентлараро комиссиянинг йиғилишида иштирок этиш учун Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига етиб борди, деб хабар беради Қирғизистон Жогорку Кенеш.
Комиссия ишида иштирок этиш учун борган Ўзбекистон парламенти депутатларини Жогорку Кенеш раиси ўринбосари Мирлан Бакиров бошчилигидаги расмий шахслар кутиб олган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур комиссиянинг биринчи йиғилиши 2018 йили Фарғона шаҳрида ўтказилган эди. Комиссия Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида парламентлараро ҳамкорликни, шунингдек, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
Томонлар икки мамлакат қонунларини унификация қилиш, иқтисодий алоқларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий актларни қабул қилиш, аввалроқ қабул қилинган икки томонлама қарорларнинг амалга оширилишини назорат қилиш каби масалалар муҳокама қилди. Ўш, Жалолобод, Баткен вилоятларининг Анжидон, Наманган ва Фарғона билан ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.
Парламентлараро комиссиянинг йиғилиши давомида Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев июнь ойининг охирида Қирғизистонга ташриф буюриши маълум бўлди.
Изоҳ (0)