Жала вақтида шаҳар кўчаларининг сув остида қолиши — муаммонинг бир жиҳати. Танганинг бошқа тарафида кўп қаватли (ва нафақат кўп қаватли) уйлар квартираларига томдан сув тошиб кириши ҳолатлари ҳам бор (афсуски, том масаласи фақат Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалларига хос муаммо эмас). 5 июндаги ёмғир вақтида, жумладан, Юнусобод тумани Чинобод кўчаси бўйидаги тўққиз қаватли 8-уйнинг юқори қаватлардаги квартиралари яна сув остида қолди — худди шундай ҳолат 3 июндаги жала вақтида ҳам кузатилган.
Хонадон эгаларининг «Дарё»га маълум қилишича, ёмғир бошлангач, камида ярим соат томдан квартираларга челаклаб сув оқиб кира бошлаган. Фавқулодда ҳолат нафақат 9-қаватдаги, балки 8- ва 7-қаватлардаги, ҳатто 5-қаватдаги хонадонларга ҳам зарар етказган. Ушбу «дом»га хизмат кўрсатувчи «Устозода» профессионал бошқарув компанияси раҳбари Бегимқул Бердиев эса фуқароларнинг дастлабки қўнғироқларига: «Яна сув тошдими?», деб, сўнг телефонини ўчириб қўйган.
«Муаммонинг ечими оддий — томда йиғилган сувни тортиб кетадиган қувурнинг ичида чиқиндидан тозаланса, сув пастга тушиб кетади. Қувур ичи чиқиндига тўлиб кетгани учун сув томда йиғилиб, сўнг квартираларга оқиб тушяпти. Худди шундай ҳолат 3 июнь куни ҳам бўлганди. Бегимқул акага бир эмас, бир неча бор телефон қилиб айтдик. Битта тросс билан нари борса бир—бир ярим соатда тўғриласа бўладиган муаммо, лекин шу ҳам қилинмади. Муаммони бартараф этиш учун бутун бошли бир сутка бор эди. Мана, уйларимизга яна сув тошди», — дейди Чинобод кўчаси 8-уйда истиқомат қилувчи жабрланувчилардан бири.
Қайд этиш жоиз, ҳукуматнинг 4 январдаги қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 2019 йилда Юнусободда кўп квартирали уй-жой фондини профессионал бошқарув компаниялари томонидан бошқариш бўйича тажриба ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган эди. Афтидан, тажриба ярмига ҳам етмай панд беряпти — уй эгалари олдида ҳисобдорлик ва ошкоралик асосида фаолият олиб бориши лозим бўлган битта бошқарув компанияси оддий бир муаммони ҳал қилиш тугул, фуқароларнинг қўнғироқларига ҳам жавоб беришни эплай олмаяпти.