Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази таянч докторантурасида таҳсил олаётган Феруза Бобожонова, Наим Хусеинов ва Жўрабек Норбековга Президент совғаси — бир хонали уйлар калитини топширди. Бу ҳақда «Дарё»га марказ матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳозирда Наим Хусеинов ғўзанинг вилт касаллигига чидамли нав ва линияларни яратиш устида тадқиқотлар олиб бораётган бўлса, Феруза Бобожонова картошканинг ген-нокаут технологияси асосида янги истиқболли линияларини олиш бўйича тадқиқот устида иш олиб бормоқда. Жўрабек Норбеков эса маҳаллий буғдой навларининг генетик паспортини ишлаб чиқмоқда. Мазкур паспорт селекционер олимлар яратган навларнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилади, олимлар томонидан бир хил навларни яратишнинг олди олинади.
Геномика ва биоинформатика марказининг Президентдан совға олган докторантлари ўз илмий ишлари, тадқиқотлари, мақола ва изланишлари учун кўплаб танловларда ғолибликни киритган умидли ёш олимлардан. Хусусан, Феруза Бобожонова 2014 ва 2018 йилларда энг фаол ёш олим деб топилган.
Ёш олимларга Президент томонидан совға сифатида уйларнинг калити топширилиши уларга бўлган ишонч ва илм-фан билан шуғулланиш арафасида турган ёшлар учун ибрат бўлди.
Изоҳ (0)