АҚШда ноқонуний миграцияга қарши бўлганлар Мексика билан чегара ҳудудда уч кун ичида деворнинг бир мил узунликдаги қисмини қурди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қурилиш билан Wе Build the Wаll («Биз девор қурамиз») хусусий нотижорат компанияси шуғулланди. Компанияга уч марта ампутацияни бошидан ўтказган ветеран учувчи Брайан Колфаж асос солган. Ташаббускорлар ичида консерватив сиёсатчи Стивен Беннон ҳам бор. Илгари у Дональд Трампнинг сиёсий стратегиясига масъул шахс бўлиб хизмат қилган.
Девор қуриш учун пул GoFundMe хайрия хизмати ёрдамида йиғилган. Хайрияда 8 миллион доллар тўпланган. Ерни тайёрлаш учун 10 кунга яқин вақт кетган. Баландлиги 7 метрдан 12 метргача бўлган девор эса дам олиш кунларида (2 кун) қурилган. Фаолларнинг эътиборини тортмаслик учун қурилиш эълон қилинмаган.
Қурувчилар, шунингдек, чегара патруль йўлида туннел қазишга қарши воситалар ва камералар ўрнатмоқда. Колфажнинг айтишича, унинг девори давлат томонидан қурилганидан кўра анча сифатли. Маълум бўлишича, бу хусусий шахслар томонидан чегара тўсиқлари қуришнинг биринчи ҳолати.
Энди сотиб олинган ерлар қурилган объектлари билан бирга давлатга рамзий нарх бўлган 1 долларга сотилади. Илгари бу жойда Нью-Мексико ва Техас штатларининг кесишмасида девор бўлмаган. Шунинг учун бу ҳудуд ноқонуний муҳожирлар ва контрабандачилар учун эркин ўтиш йўлига айланган. Колфажнинг сўзларига кўра, бу ердан ҳар куни минглаб одамлар ўтган.
Мексика—АҚШ чегарасида девор қуриш Дональд Трампнинг 2016 йилдаги сайловолди дастуридаги асосий бандлардан бири бўлган. Бунинг учун у мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган ва ҳарбий харажатларни бошқа соҳага йўналтирган. Аммо 25 май куни Калифорния суди АҚШ Мудофаа вазирлигининг бюджетини бундай усулда ишлатилишига тақиқ қўйди.
Изоҳ (0)