Тошкентдаги Миллий матбуот марказида «Умрбоқий мерос» Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази тақдимотига бағишланган матбуот ажумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унда фан, маданият, санъат вакиллари иштирок этди ва тадбир ҳақида фикр билдирди.
«Марказ фаолияти Ватан келажаги учун дахлдор, деб биламан. ‘Умрбоқий мерос’ Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази ҳали ташкил этилганига кўп бўлмади, аммо маънавиятимиз ривожи учун, маърифатимиз асоси учун қатор ишларни амалга оширди. Халқимизнинг юксак маданияти, бетакрор санъати, ўлмас қадриятлари, беқиёс ҳунармандчилиги, номоддий маданий меросини нафақат республикада ва балки бутун дунёга тарғиб қилишни мақсад қилган. Кўтарилаётган вазифалар устувор ва миллат манфаатларини ҳимоя қилади. Бу йўлда янги марказга фақат омад ва зафардар тилайман», — дейди Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов.
«Марказ ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ‘Маданият ва маърифат’ телеканали, ‘Юксалиш’ умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Шайхонтоҳур тумани бўлинмаси томонидан ўтказилган маданий-маърифий тадбирларни ўтказишда ҳакорлик қилиб келмоқда. Қисқа муддат ичида мамлакатимизнинг 7 та вилоятида марказнинг бўлимлари очилди. Ҳар бир бўлимда алоҳида тажрибага, салоҳиятга эга соҳа ҳодимлари фаолият олиб бормоқда. Янги марказ ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Унинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси ўринбосари Насимхон Алимов.
«Бугун интернет олами дунёни забт этаётган, инсоният тафаккурини эгаллашга ҳаракат қилаётган бир даврда маънавият, марифат ва қадрият масалалари ҳар доим ҳам инсонни ўйлантирмаслиги мумкин. Аммо биргина ташкилот ташаббуси ёки жонбозлиги туфайли бутун бир мудраб ётган халқ уйғониши ёки янада равнақ топиши аниқ. Ўзбекистон ўзининг бой тарихи билан дунё тамаддунида ўз ўрнига эга. Бу маданий меросни асраш ва тарғиб қилиш нафақат давлат, балки жамоат ташкилотларининг ҳам вазифаси ҳисобланади. Бугун мамлакатимизда 10 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият юритаётган бўлса, уларнинг учдан бир қисми маданий меросимизни асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ана шундай вазифалардан бирини зиммасига олаётган ‘Умрбоқий мерос’ марказининг ташкил топиши бизни ҳамкор сифатида қувонтирди. Хайрия жамоат фондимиз ташаббуси билан Хоразм лазгиси, ‘Умрбоқий мерос’ маркази ташаббуси билан эса ўзбек каштачилиги ЮНЕСКО рўйхатга киритилишини таклиф қилган. Яқин кунларда бизнинг бой қадриятларимиз ушбу рўйхатдан ўрин олиши кутилмоқда», — дейди «Олтин мерос» халқаро хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримов.
Изоҳ (0)