Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди 16 май куни Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг собиқ раиси Муиджон Тоҳирийга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Муиджон Тоҳирий Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207 (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209 (мансаб сохтакорлиги) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд божхона маҳкамасининг собиқ раҳбарига жазони манзил-колонияда ўташни кўзда тутувчи 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда 3 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда ЭКИҲнинг 400 баравари (81,1 млн сўм) миқдорида жарима жазоларини тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, собиқ давлат маслаҳатчиси Муиджон Тоҳирий ҳибсга олингани ҳақида 2018 йил декабрида маълум бўлган эди.
Муиджон Тоҳирий 2006—2008 йилларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, 2008-2010 йилларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимларида ишлаган.
2010 йил сентябрдан 2011 йил июнгача Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси бўлган.
2011 йил июнь ойидан яна МХХ раиси ўринбосари лавозимига қайтган ва 2016 йил охиригача ишлаган.
Орада 2013 йилда Президент хавфсизлиги хизматини ҳам бошқарган.
Унинг сўнгги иш жойи Давлат божхона қўмитаси бўлиб, 2016 йил 20 декабрда раис этиб тайинланган ва 2018 йил 12 февраль куни ишдан олинган.
Изоҳ (0)