Ўзбекистоннинг асосий сув объектларида замонавий Smart Water («Ақлли сув») тизими жорий қилинмоқда. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур лойиҳа Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) грант маблағи эвазига молиялаштириляпти. Лойиҳага кўра, республиканинг 61 та объектида манбадаги сув сарфини реал вақт режимида (онлайн) кузатиш имконини берувчи тизим ўрнатилади.
Лойиҳа доирасида Жанубий Кореядан ускуналар олиб келиниб, 16 та сув омбори, 45 та каналнинг бошланиш қисмларида ўрнатилади.
Smart Water тизимининг замонавий қурилмалари объектдаги сув сарфи, об-ҳаво, ёғингарчилик ва бошқа маълумотларни фото ва видеоматериаллар шаклида онлайн режимда автоматик тарзда вазирликда ташкил этилган ягона мониторинг ва кузатув марказига узатиб туради.
Ушбу маълумотлар тезкор қайта ишланиб, керакли фойдаланувчиларга интернет ёки локал алоқа орқали узатилиши мумкин.
Келгусида Smart Water тизимини республиканинг барча суғориш тармоқларига кенг татбиқ этиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)