Жорий йил 6 июнидан бошлаб мавсумий Тошкент — Бишкек — Балиқчи (Иссиқ-кўл) йўналишида халқаро йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сайёҳликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган поезд ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Тошкент Марказий вокзалидан кечки соат 20.50 да йўлга чиқиб, Қозоғистон ҳудуди орқали ҳаракатланади ва жума куни кечки соат 20.29 да Балиқчи вокзалига етиб боради. Иссиқ-кўлдан шанба куни соат 01. 59 да ҳаракатланган поезд Тошкент шаҳрига якшанба куни соат 05.00 да етиб келади.
Халқаро қатнов Ўзбекистоннинг «Салар», «Чуқурсой», «Келес», Қозоғистоннинг «Сариағач», «Арис-1», «Чимкент», «Манкент», «Тюлкубас», «Абаил», «Бурноэ», «Жамбул», «Луговая» ҳамда Қирғизистоннинг «Мерке», «Чалвадор», «Қаинди», «Қораболта», «Беловодск», «Тўқмоқ» станциялари, Бишкек-2 ва Балиқчи вокзали орқали амалга оширилади.
Тошкент — Бишкек — Балиқчи (Иссиқ-кўл) йўналишида халқаро йўловчи поездида йўловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Вагонлар шинам ва ёруғ, совутиш тизимлари билан жиҳозланган. Ресторан вагонда сайёҳлар ва йўловчилар учун салқин ичимликлар мавжуд бўлиб, тансиқ таомлар ҳам тайёрланади.
Изоҳ (0)