Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 май куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида ҳар икки давлат раҳбарлари кириб келган муборак ва қутлуғ Рамазони шариф муносабати билан бир-бирларига ўзларининг қизғин табрикларини чин дилдан изҳор этиб, энг эзгу ва самимий тилакларини билдирди.
Президентлар анъанавий дўстлик, қардошлик ҳамда стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда, жумладан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда тобора жадаллашиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Томонлар олий даражадаги ўзбек-турк стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, бўлажак олий даражадаги учрашувлар жадвали кўриб чиқилди.
Дўстона руҳда кечган мулоқот чоғида давлатлар раҳбарлари ҳар икки халққа фаровонлик, тинчлик-осойишталик ва бардавом юксалиш тилади.
Изоҳ (0)