Самарқанд вилояти аҳолининг қарийб 66 фоизи марказлашган ҳолда тоза ичимлик суви билан таъминланган. Бу ҳақда вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси раҳбари Комилжон Юсупов маълум қилди, дея хабар беради Zarnews.
21 фоиз аҳоли муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланяпти, 14 фоиз аҳолига махсус транспорт ёрдамида сув етказиб берилмоқда.
Аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 2018 йилда 53,3 миллиард сўм эвазига 69 та объектда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди, натижада вилоятдаги 80 мингга яқин фуқаро илк бор ичимлик суви билан таъминланди, 50 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.
Бу йил 89,3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 71 та объектда қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига аҳолининг ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 67,1 фоизга етиши кутилмоқда.
Самарқанд шаҳри аҳолисига етказиб берилиши мўлжалланган ичимлик сувининг қарийб бешдан бир қисми истеъмолчига етиб бормайди.
— Шаҳарнинг айрим ҳудудларида яроқсиз ҳолга келиб қолган тармоқлар бунга асосий сабаб бўлмоқда, — дейди К.Юсупов. —Жумладан, шаҳар ҳудудида 378 километр ичимлик суви тармоғи эскирган. Айнан шундай жойларда авария ва сувнинг беҳуда исроф бўлиши ҳолатлари рўй бермоқда.
Изоҳ (0)