«Навбаҳор» жамоаси Франциянинг «Лион» клуби билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси хабар берди.

Фото: ПФЛ

Мазкур ҳамкорлик доирасида «Лион» жамоаси Халқаро ишлар бошқармаси раҳбари Клемент Мишон 15 май куни Наманганга ташриф буюрди.

Ташрифнинг илк кунида франциялик Наманган шаҳридаги «Марказий» ўйингоҳда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Бозоров билан учрашиб, ҳамкорлик масалалари бўйича ўзаро суҳбатлашди.

Клемент Мишон Наманган вилоят футбол академиясини ҳам кўздан кечирди.

Клемент Мишон вилоятда яна 2 кун давомида бўлишни режалаштирган. Ташриф доирасидан «Навбаҳор» қошидаги 17-сонли академияга ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, Тўрақўрғон туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби, Учқўрғон туманидаги олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати фаолиятлари билан танишиш ўрин олган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!