Ўзбекистон прокуратура органларида қатор лавозимларнинг бекор қилинишини назорат органи вазифаларига кирмайдиган ваколатларнинг қисқартирилиши сифатида қабул қилиш лозим. Бу ҳақда бош прокурор Отабек Муродов 4 май куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 мартдаги фармони билан прокуратура тизимидаги қатор лавозим ва бошқармалар тугатилди. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими Бош прокуратура тасарруфидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тасарруфига ўтказилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси этиб қайта ташкил этилди.
«Гап прокуратура соҳасидаги ислоҳотларнинг давом эттирилаётгани ҳақида кетмоқда. Агар эътибор қилган бўлсангиз, сўнгги икки йил ичида прокуратура жуда кўп янги ходимларни: 476 кишини — солиқ органларига, 1700 кишини — агроинспекцияга штатга қабул қилди. Гап прокуратура штатларининг эмас, балки ушбу йилларда қўшимча қабул қилган штатларнинг қисқартирилиши борасида кетмоқда», — деди бош прокурор.
Отабек Муродов бошқа органлардан қўшимча штатларнинг қўшилиши натижасида прокуратуранинг ўз вазифаларига кирмайдиган ваколатларини асоссиз равишда кенгайтириш бошланганини тан олди.
Президент фармони билан прокуратура органларининг қисқартирилаётган 1198 та штат бирликларидан 87 таси — Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига, 470 таси — Давлат солиқ қўмитаси бўлинмаларига йўналтирилади.
Бош прокурорнинг қайд этишича, штатларнинг қисқартирилиши иш самарадорлигига таъсир кўрсатмайди. «Қонунга кўра, прокуратура бошқа барча органлардан мутахассисларни жалб этиш бўйича ваколатга эга бўлган назорат органи ҳисобланади. Шунинг учун иш самарадорлигига таъсир кўрсатиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — деди у.
Изоҳ (0)