Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида Бош прокурор Отабек Муродовнинг прокуратура органларининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Муродовнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида коррупцияга қарши курашиш соҳасида 1 907 нафар мансабдор шахс турли кўринишдаги мансабдорлик жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Жинояти фош қилинган мансабдорларнинг 48 нафарини республика миқёсидаги вазирликлар ва идоралар, 191 нафарини вилоят ҳамда 1 668 нафарини туман (шаҳар) даражасидаги идоралар вакиллари ташкил этади.
Ҳар бир давлат идораси тизимида жиноят, шу жумладан коррупция хавф-хатарларини ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш (compliance-control) бўйича ўз стратегиясини ишлаб чиқиш ишлари бошланди.
Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш, чет давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида халқаро экспертларнинг мамлакатга ташрифи амалга оширилди.
Ташриф доирасида коррупцияга қарши курашиш сиёсати, коррупция учун жавобгарлик, тергов ва суд ишларини юритиш, давлат харидлари, оммавий бошқарувда шаффофлик масалаларида 12 та сессия ўтказилиб, Ўзбекистон томонидан 4-раунд мониторинг тавсияларининг бажарилиши муҳокама этилди ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар ва ютуқлар ижобий баҳоланди.
Изоҳ (0)