Аввал хабар берганимиздек, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан ғолиблари олий таълим муассасаларга тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадиган халқаро олимпиадалар рўйхати тасдиқланди.
2019/2020-ўқув йилидан бошлаб олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва 3 йил муддат давомида амал қилувчи сертификат берилади.
Эндиликда:
Халқаро олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида:
1-ўрин учун 500, ўқитувчисига 450 баравари;
2-ўрин учун 300, ўқитувчисига 250 баравари;
3-ўрин учун 200, ўқитувчисига 150 баравари.
Асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари:
1-ўрин учун 50 баравари;
2-ўрин учун 35 баравари;
3-ўрин учун 30 баравари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади.
Халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади.
Шунингдек, таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиада ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига эса ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.
Олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.
Изоҳ (0)