Деҳқончилик машаққатини ер эгасидан яхши биладиган киши бўлмаса керак. Ерга уруғ қадалган пайтдан бошлаб, токи униб чиққунга қадар бўлган фурсат мобайнида деҳқон анча-мунча заҳмат чекади. Энг ёмони — уруғ кўкариб, ҳосилга кираётган пайтда унга кимдир эга чиқиб, деҳқон меҳнатининг роҳатига даъво қилиши. Бу ҳолат кетма-кет икки йил давом этса, деҳқон қай аҳволга тушишини тасаввур қилаяпсизми?
Нишон туманининг Дўстлик ММТП ҳудудида жойлашган «Дўстлик Маржони» фермер хўжалиги раҳбари Ғайрат Турдиев 4 нафар ишчи ходими билан ана шундай синовларни бошидан кечирмоқда. Фермернинг адолат излаб бормаган эшиги, мурожаат қилмаган мутасаддиси қолмади ҳисоб. Ҳақиқат излаб ахири «Дарё» таҳририятига ҳам мурожаат йўллади.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида «Дарё» мухбири Нишон туманида бўлди.
— 2018 йил ҳам еримни тортиб олиб, «Қулаҳмедов Жўрақобил» фермер хўжалигига қўшиб беришганди, — дейди «Дўстлик маржони» фермер хўжалиги раҳбари Ғайрат Турдиев. – Ўшанда ҳам 40 миллион сўмлик харажатларимга куйиб қолгандим. Ҳеч ким харажатларимни қоплаб бермаган. Бу йил ҳам шу аҳвол. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги қарорини асос қилиб олиб, яна еримни тортиб олишди. 50 миллион сўм харажатларимга куйиб қоляпман.
Ғайрат Турдиевнинг айтишича, унинг ихтиёридаги 38 гектар ер Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, 100 гектардан кам дея «Қулаҳмедов Жўрақобил» фермер хўжалиги ихтиёрига ўтказилган.
— Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, сув йўлига қараб ери 100 гектардан кам бўлган фермер хўжаликларини тугатиб, ҳудуддаги 140 та фермер хўжалиги ўрнига 45 та фермер хўжалиги қолдирилди, — дейди «Дўстлик» ММТП раиси Бекзод Норқулов. – «Дўстлик маржони» фермер хўжалиги ҳам ери камлиги сабаб тугатилди. Қилинган харажатларига куйиб қолиши ҳақида тўхталсак, фермер хўжалиги шудгор қилинган ерга уруғ экиб, биринчи сувини берганлиги рост. Аммо қилинаётган харажатларнинг барчаси давлатдан берилаётган кредит эвазига қопланган. Агарда қўшимча ўғит сотиб олган бўлса, харажат қилган бўлиши мумкин. Лекин нега тўлаб берилмаганидан бехабарман. Чунки ўтган йили мен ишламаганман.
Бекзод Норқуловнинг айтишича, асосий харажатлар кредит эвазига қоплангач, «Дўстлик маржони» фермер хўжалиги номига олинган кредит эндиликда ерга эгалик қилаётган «Қулаҳмедов Жўрақобил» фермер хўжалиги номига ўтказилади.
— Фермер хўжалигимнинг 25 гектарига экилган ғалла тайёр ҳолатга келганда яна еримни тортиб олишиб, оғзимдаги ошни ўзгаларга беришлари қайси адолат мезонларига тўғри келади, — дейди «Дўстлик маржони» фермер хўжалиги раҳбари. – Бу йил шунча қилган харажатларимга куйиб қолаверманми? Шуми адолат?
Маълум бўлишича, «Дўстлик маржони» фермер хўжалиги Нишон тумани ҳокимининг 2015 йил 24 ноябрдаги Х-1329/11-сонли қарорига мувофиқ тузилган бўлиб, 38 гектар ер 49 йил муддатга ижарага берилган. 2018 йил 5 февраль куни эса Халқ депутатлари Нишон туман Кенгашининг 2018 йил 2 февралдаги «Туманда самарасиз ва паст рентабеллик билан фаолият юритаётган фермер хўжаликлари билан туман ҳокими ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва ер майдонларини туман ҳокимлиги захира ер фонди ҳисобига қайтариш тўғрисида»ги қарори асос қилиниб, «Дўстлик маржони» фермер хўжалиги ери туман ер захира фондига қайтарилган. Ердан 49 йил давомида ижарада фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинган.
— Энг қизиғи, фермер хўжалигимга тегишли ер туман ер захира фондига қайтарилгани ҳақида 2018 йил март ойида хабар топаяпман, — дейди Ғайрат Турдиев. – Мен ўз ишимда давом этяпман, туман ҳокимлиги эса еримни тортиб олиб, захира фонидига қайтарилди деб ёнимдаги фермер хўжалигига қўшиб берган. Қарабсизки, 20 гектар ерга эккан ғалламга ҳам бошқа фермер эга чиқиб турибди.
Ҳа, фермер ҳам бундай вазиятда жим турмади. Ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб мутасадди ташкилотларга мурожаат қилди. Туман ҳокимию, прокуроридан нажот бўлмагач, Олий Мажлис «эшигини қоқди». Натижада 2018 йил 10 август куни Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасидан Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг ўша пайтдаги раиси, вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга «Дўстлик маржони» фермер хўжалигига нисбатан адолатсизликка йўл қўйилгани айтилиб, Халқ депутатлари Нишон туман Кенгаши қарорини бекор қилиш масаласини вилоят Кенгаши сессиясига қўйиш тавсия қилинади. Оқибатда 2018 йил 24 сентябрь куни фермер ҳуқуқи тикланиб, Халқ депутатлари туман кенгаши қарори асос бўлган туман ҳокими қарори бекор қилинади ва ер эгасига қайтарилади.
«Кўкрагимга шамол тегди» дея меҳнат қилишни бошлаган фермер Ғайрат Турдиев октябрь ойида ихтиёридаги ернинг 25 гектарига уруғ қадаб, ғалла парвариш қила бошлайди.
— Окатбр ойида уруғ экиб, агротехник тадбирларини ўз вақтида ўтказдик, суғориб ғаллани тайёр ҳолатга олиб келганимизда 2019 йилнинг январь ойи ўрталарида фермер Ҳасан Аралов келиб ер унинг ихтиёрига ўтганини айтиб, бизни ердан ҳайдаб чиқарди, — дейди «Дўстлик маржони» фермер хўжалигида сувчи бўлиб ишловчи Чўлли Усмонов. – Алам қиладигани 2 йилдан бери аҳвол шу. Ҳар йили асосий агротехник тадбирлар бажарилгач, ер тортиб олиниб, меҳнатимизга куйиб қолаяпмиз.
— Вазирлар Маҳкамасининг қарорида ҳам белгиланган талаблар бор-ку, агарда фермер хўжалиги ўша талабларга жавоб бермаса ери олиб қўйилиши белгиланган, — дейди фермер Ғайрат Турдиев. – Биз ҳар йили режани 100 фоиздан ортиқ қилиб бажариб келганмиз. Ва энг қизиғи, шубҳалиси ҳам икки йил давомида ҳам фақат «Қулаҳмедов Жўрақобил» фермер хўжалигига қўшиб юборилаётгани. Майли, қўшиб юборишсин фақат худди биз каби ўзини ўзи эплаётган 40–45 гектар ери бор фермер хўжалигига қўшишсин, ўшанда битта катта фермер хўжалигини тузайлик.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорида қуйидаги ҳолларда қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиниши белгиланган.
1) ер участкасидан қонун ҳужжатларида, ижарага олиш шартномасида кўрсатилган талаблар ва қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш шартлари бузилганда ҳамда мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланилмаганда;
2) ер участкасини сақлаш шартларига ва сувдан фойдаланиш тартибига риоя этилмаганда, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилмаганда, шунингдек ушбу мақсадлар учун ўз маблағларини ажратмаганда;
3) ер участкалари майдонлари узоқ муддатли ер ижара шартномасида белгиланган ўлчамларга нисбатан камайтириб юборилганда, суғориладиган майдонларга асоссиз равишда бино-иншоотлар қурилганда ёки бошқа турдаги зарар етказилганда;
4) қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлашда агротехника тадбирлари ўз вақтида амалга оширилмаганда ёки белгиланган талабларга риоя этилмаганда ва норматив кадастр баҳосидан паст ҳосил олинганда;
5) давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан тузилган контрактация шартномалари шартлари сўнгги уч йилда бажарилмаганда, хўжалик фаолияти самарасиз ёки паст рентабеллик билан юритилганда;
6) меҳнат муносабатларини тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаганда, ишчи — ходимлар, шу жумладан фермер хўжалигида меҳнат қиладиган оила аъзолари, вақтинча (мавсумий) ёлланадиган фуқаролар учун меҳнат хавфсизлиги шартлари таъминланмаганда;
7) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек етказиб берилган моддий-техника ресурслар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганда, сўнгги уч йил давомида етиштирилган маҳсулотларни сотишдан тушадиган маблағлар банк ҳисобварақларида айланиши таъминламаганда;
8) фермер хўжалигини юритиш учун ер участкасини бериш бўйича ўтказилган очиқ танловда кўрсатилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари хўжаликнинг устав фондига киритилмаганда.
Фермер хўжалиги раҳбари Ғайрат Турдиевнинг маълумот беришича, фермер хўжалиги юқорида тилга олинган бирор бир ҳолатга йўл қўймаган. Шундай бўлса-да, унинг фермер хўжалиги тугатилган. 25 гектар ерга экилган ғалла парвариши учун сарфланган 50 миллион сўм эса «туя қилиб юборилмоқда».
— Гектарига 300 килограммдан сепилган аммофосни ўз ҳисобимдан сотиб олганман, — дейди фермер. Меҳнатимиз ва аммофос учун қилган харажатларимиз ҳам анча пулга боряпти. Миниб юрган машинамни сотиб харажат қилгандим. Меҳнатимизга ачинишса бўларди.
— Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра амалга оширилган оптималлаштириш даврида тумандаги мавжуд 1300 та фермер хўжалигидан 423 таси қолди, — дейди Нишон тумани ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов. – 100 гектардан кам бўлган фермер хўжаликлари тугатилиб, катта фермер хўжаликларига қўшиб берилишидан мақсад ердан унумли фойдаланиш. Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами 100 гектар бўлиши белгиланган.
Мухтор Ҳайитмуродов «Дарё» мухбирининг фермернинг ғалла экиш учун қилган харажатлари қоплаб бериладими деган саволига шундай жавоб берди: «Фермер хўжалигининг одатда 2 хил харажати бўлади. Биринчиси уруғ ва ёқилғига сарфланадиган харажатлар бўлиб, бу харажатлар давлат томонидан ажратилган кредит эвазига қопланади. Иккинчи харажат эса фермер ўз маблағи эвазига қўшимча ўғит сотиб олган бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, харажат албатта қопланади».
Туман ҳокими фермернинг ўтган йили ҳам харажатлари қоплаб берилмаганлиги тўғрисидаги иддаосига жавобан ўша пайтда туманда раҳбарлик қилмаганини ва бу борада хабари йўқлигини айтди.
— «Дўстлик маржони» фермер хўжалигининг 38 гектар ери ўтган йили олиб қўйилгач, харажати нега қоплаб берилмаганидан хабарим йўқ, — дейди Мухтор Ҳайитмуродов. – Боиси ўтган йили июль ойидан бошлаб ҳоким сифатида иш бошлагандим. Бу йил қилинган харажатлари албатта қоплаб берилади. Фақат ғалла йиғимидан сўнг.
Ҳоким суҳбатимиз якунида «Дўстлик маржони» фермер хўжалигининг ўтган йилги харажатлари нима сабабдан қоплаб берилмаганлиги ҳақида мутахассислар маълумот беришини айтди. Бироқ орадан 10 кун вақт ўтса-да, туман ҳокимлиги бу ҳақдаги маълумотларни тақдим этмади.
Туман ҳокими ҳам, ММТП раиси ҳам фермер қилган ҳар қандай харажат қоплаб берилишини ваъда қилмоқда. Аммо «ўтган йилги харажатлар нега қопланмади?» деган саволга келганда эса ҳар икки мутасадди ҳам ўша пайтда иш олиб бормаганини айтиб, масаладан бехабарлигини изоҳлаяпти.
Ўйлаймизки, фермернинг муаммоси тез орада ижобий якун топади. Биз эса вазиятни кузатишда давом этамиз.
Изоҳ (0)