Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 20—27 апрель кунлари кимё фанидан ўтказилган 53-Халқаро Менделеев олимпиадаси ғолиблари Тошкент аэропортида кутиб олинди. ЎзАнинг хабар беришича, олимпиадада 29 та давлатдан 170 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этган.
Ўзбекистон номидан қатнашган Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицейнинг 3-босқич ўқувчилари — Ислом Каримов олтин, Улуғбек Бойирбеков кумуш, Тошкент давлат аграр университети академик лицейининг 3-босқич ўқувчиси Диёр Ҳайитов кумуш ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Моҳира Болтаева бронза медалини қўлга киритган.
Шунингдек, ажратилган квотадан ташқари иштирок этган яна бир иштирокчи — Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Мирумид Миракбаров кумуш медаль соҳибига айланган.
Олтин медаль эгаси Ислом Каримов ўтган йили Беларусда бўлиб ўтган халқаро олимпиадада иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритган эди. «Қайси касб эгаси бўлишимдан қатъи назар, фақат ва фақат юртимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиламан. Кимё соҳасида эса Ўзбекистонга ҳали Нобель мукофотини совға қиламан», — дейди у.
Изоҳ (0)