Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида бетон тўсиққа урилган автобус ичидаги 53 нафар йўловчидан 27 нафари турли даражада тан жароҳати олган. Бу ҳақда «Дарё»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Жароҳатланганлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган.
Улардан 19 нафарига амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Яна 2 нафари Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уйига рухсат берилган. Улар патронаж хизмати назоратига олинган.
Қолган 6 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг травматология ва шошилинч хирургия бўлимларига ётқизилди.
Уларнинг икки нафари — 54 ёшли Асқад Кобилов ва 2,5 ёшли Робия Маъмурбоева муваффақиятли операция қилинди. Айни пайтда жароҳатланган беморлар ўзини яхши ҳис қилмоқда.
Шунингдек, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган барча йўловчиларнинг хонадонларига борилди, аҳволидан хабар олиниб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ташкил этилган.
Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида.
Изоҳ (0)