Қашқадарё вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими Зафар Пардаевга ўз хизмат вазифасини бажаришда қаршилик кўрсатиб, ЙПХ ходимига бўйсунмасдан 50 нафар фуқарони йиғиб, «томоша кўрсатган» ғузорлик фуқароларга қамоқ жазоси берилди. Бу ҳақда «Дарё»га Қашқадарё вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қашқадарё вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан маълум қилишларича, жорий 21 март кечки пайт 17:00 да Ғузор туманининг «Қўштепа» маҳалласида ўз хизмат вазифасини бажараётган ходим Matiz русумли давлат рақами 70 V 629 НА бўлган автомобиль ҳайдовчисини хавфсизлик камарини тақмаганлиги учун тўхтатиб, ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомобиль бошқариб келаётганлигига шубҳа қилган ва ҳайдовчини тиббий экспертизага чорлаган.
Шунда фуқаролар К.Т. Ж.Ш ва Ф.Т.лар байрам дастурхонидан қайтишда ҳамқишлоғига ёрдам бермоқчи бўлиб, инспектор Зафар Пардаевга қаршилик кўрсата бошлаган. Ходим ҳаракатига тўсқинлик қилиб, ИИБ ходимини обрўсизлантиришга ҳаракат қилган. Улар қишлоқдошларидан иборат 50 нафар кишини атрофига тўплаб, ЙПХ ходимини ҳақорат қилиб, уни обрўсизлантириш мақсадида видеога олган ва ҳолатни съёмка қилиб интернетда тарқатган.
Фуқаролар К.Т. Ж.Ш ва Ф.Т.ларнинг хатти-ҳаракати Ғузор туман Маъмурий суди томонидан 16 апрель куни кўриб чиқилиб, учовлонга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан иш очиб, Ж.Ш.га 10 сутка, К.Т.га 7 сутка ва Ф.Т.га 5 сутка қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)