10 апрель куни Ўзбекистон Давлат санъат музейида «Буюк дашт мероси: заргарлик санъати шоҳ асарлари» кўргазмаси олдидан қозоғистонлик олимлар иштирокида илмий маъруза бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Новости Uzbekistanа» хабар берди.
Илмий маъруза Қозоғистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қозоғистон Миллий музейи ва Ўзбекистон Давлат санъат музейи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистонлик илмий соҳа вакиллари ва талабалар Қозоғистон ҳудудида жойлашган сак даврининг ноёб тарихий ёдгорлилари тарихига оид маълумотларни Қозоғистоннинг энг йирик олимларидан эшитиш имконига эга бўлган, уларнинг айримлари кўргазмада намойиш этилади.
Кўргазмада Тилла одамнинг реконструкциясини кўриш мумкин. А.Х. Маргулан номидаги археология институтининг бош илмий ходими, тарих фанлари номзоди Арман Бейсенов ушбу топилма нега «Тилла одам» деб аталиши ҳақида гапирган.
«Биламизки, олтин жангчи Олмаота вилоятининг Иссиқ шаҳри яқинидан топилган. Бу илк темир даври, аниқроғи, саклар вақтига тўғри келади. 70 йилларда, қазиш пайтида, қироллик оиласидан бўлган 17—18 ёшли йигитнинг қабри топилган. У билан бирга бошидан то оёққача бўлган қизил рангдаги теридан қилинган кийимларга тикилган 4 мингдан зиёд олтин буюм ҳам топилган. Бу кийимни ҳукмдор кийган. Бу қандайдир маросим кийими бўлган. Шуниси аҳамиятлики, ушбу дафнга ҳали ҳеч ким тегмаган», — дейди Бейсенов.
Узоқ вақт у ҳақида Қозоғистондан ташқарида ҳеч ким билмасди. Бугунги кунда эса у «Тилла одам» номи билан машҳур ҳамда Қозоғистон рамзига айланган.
11 апрель куни Ўзбекистон Давлат санъат музейида «Буюк дашт мероси: заргарлик санъати шоҳ асарлари» кўргазмаси иш бошлайди. Кўргазмада Қозоғистон миллий музейи фондиан 106 та экспонат намойишга қўйилади.
Изоҳ (0)