Фарғона вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган «Тозалаш–антитеррор» тадбири давомида Қўқон шаҳрида яшовчи Т.К.га тегишли бўлган уяли телефон холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув давомида Т.К.нинг Telegram мессенжерида диний мазмундаги маъруза ва видеороликлар борлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар бермоқда.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида Т.К 2018 йилнинг июль ойидан 2019 йилнинг февралига қадар интернетдан ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний мазмундаги маърузани ўзига тегишли бўлган уяли телефон хотирасига ёзиб олиб, келгусида тарқатиш мақсадида сақлаб келган. 2019 йил 14 февраль куни диний мазмундаги маърузани Данғара туманида яшовчи фуқаро М.А.нинг Telegram’даги профилига ўтказиб берган.
Судга оид адабиётшунослик экспертизасининг хулосасига кўра, М.А.га тегишли уяли телефондаги профилдан олинган диний мазмундаги маъруза ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги ва мазкур ғояларни тарғиб қилувчи материал эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Т.К.га нисбатан Жиноят Кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахс беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)