Андижоннинг Марҳамат тумани, Гулистон маҳалласида яшовчи 23 ёшли аёл О.О. жанжал туфайли «Турон» маҳалласида яшовчи А.Н.ни ғишт билан уриб ўлдирди, деб хабар берди ЎзА.
Маълум бўлишича, О.О. аввалдан таниши бўлган А.Н.дан пул қарз олган. Қарзини сўраб келганда уларнинг ўрталарида катта жанжал келиб чиққан ва О.О. пулини қайтаришни сўраган аёлни ғишт билан уриб ўлдирган.
Шундан сўнг О.О. опаси М.О.ни ёрдамга чақирган. Опа-сингил қотилликни яшириб, жасадни кўрпага ўраб, товар олиб кетяпмиз, деб таксида Андижон туманидаги Истиқлол маҳалласида яшовчи оталарининг уйларига олиб келган. У пайтда отаси уйда бўлмаган, онаси эса касал ётган. Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб жасадни чеккадаги хонага яшириб қўйган.
Хитой давлатидаги олий ўқув юртида таҳсил олаётган ўғлига банк орқали пул юбориш мақсадида эрталаб чиқиб кетган, ёнида пул ва тилла тақинчоқлари бўлган А.Н. нинг ўша куни уйига қайтмагани, телефонига жавоб бермаётгани ҳақида унинг турмуш ўртоғи ички ишлар бўлимига хабар берган. Ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида аёлнинг жасади топилган.
Қотилликни яшириб, жасадни йўқ қилиш ниятида бўлган опа-сингиллар қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган бўлиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)