Термизда бўлиб ўтаётган I Халқаро бахшичилик санъати фестивалида ташкил этилган «Бухоро» павильонидаги «Нодир китоблар» кутубхонаси иштирокчилар ва меҳмонлар эътиборини қозонди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
«Нодир китоблар» кутубхонаси дурдона китоблар ҳамда қўлланмалар билан бойитилган. Нодир халқ достонлари ва термалари аудио ва видео шаклларда павильонга ташриф буюрганларга тарқатилмоқда.
— Бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлардан иборат нодир дурдоналар кутубхонаси кўпчиликка манзур бўлди. «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Олтин қабоқ», «Сулувхон», «Ойпарча» каби энг сара бахшилар томонидан куйланган ғазал-достонларнинг терма аудио дисклари бошқа вилоятлар ҳамда хориждан келган меҳмонларга тарақатилди. Шунингдек, гуллардан қўл меҳнати билан 5х3 ҳажмда тайёрланган очилган китоб кўринишидаги санъат асари ҳам эътибор марказида бўлди, — дейди Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жамол Носиров.
Биринчи халқаро бахшичилик санъати фестивалида «Мавжи Бухоро» фольклор жамоаси, «Бухоро гўзаллари» рақс ансамбли чиқишлари, шунингдек, уста-ҳунармандларнинг кўргазмалари воҳанинг ўзига хослиги намоён этмоқда.
Изоҳ (0)