Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида 27 март – Халқаро театр куни муносабати билан бадиий кеча бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унда академия курсантлари томонидан ташкил этилган «Буюк саркардалар ворислари» илмий тўгараги аъзоларининг саҳнавий чиқишлари намойиш этилган. Учта алоҳида-алоҳида театрлаштирилган композиция академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари томонидан юқори баҳоланган.
Биринчи курс курсантлари томонидан саҳналаштирилган Жалолиддин Мангуберди композицияси ўзининг янгича ёндашуви, курсантлар ва академия ўқитувчиларининг бирдамлиги ва тарихий ҳақиқатга таянилгани билан ажралиб турган.
«Аввало шуни айтиш керакки, академия курсантлари махсус актёрлик сабоқларини олмаган. Лекин саҳнада ҳеч бир театр томошасидан кам бўлмаган композицияларни кўрдик. Демак, улуғ аждодларимиз ҳаёти, уларнинг ибратли амаллари, юртга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати қалбида Ватан ишқи бор бўлган ҳар бир инсон учун бегона эмас. Балки шунинг учун ҳам курсантларимиз томонидан саҳналаштирилган томошалар ҳар жиҳатдан тўкис бўлгандир», – дейди Қуролли Кучлар академияси доценти, психология фанлари номзоди Аҳмаджон Бекназаров.
Бундан ташқари, Соҳибқирон Амир Темур ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган саҳна томошалари ҳам йиғилганларга манзур бўлган.
Академиянинг 47 нафар курсантларидан иборат «Буюк саркардалар ворислари» илмий тўгараги келгусида Ўзбекистондаги барча ҳарбий таълим масканлари саҳналарида ўз томошаларини қўйишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)