Термиз археология музейида «Сурхон воҳаси — бахшичилик диёри» номли кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.
Кўргазмада Ўзбекистон халқ бахшилари, бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган достончилик мактаби вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этган.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар бугунги кунда халқ оғзаки ижодининг энг ёрқин ҳамда ноёб намуналари, миллий фолклорнинг асл дурдоналари қайта тикланаётганлиги ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрда қабул қилинган «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланганидек, бахшичилик ва достончилик санъатини, бахшилар фаолияти, ижодини бевосита кўргазмалар асосида намойиш ва тарғиб этиш мақсадида ташкил этилганлиги эътироф этган.
Ўтказилган тадбирда эл суйган бахши-шоирлар томонидан достонлардан парчалар ижро этилган.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари халқ оғзаки ижодининг қадимий намуналарини тиклаш ва миллий қадриятларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бахшиларнинг миллий кийимлари, дўмбиралари ва бир қатор ноёб буюмлар ҳамда бахши-шоирлар ижоди ва фаолиятига доир қизиқарли маълумотлар кўргазмаси билан яқиндан танишган.
«Юртингиздаги кўплаб тадбирда иштирок этиб келмоқдаман. Ушбу кўргазмада иштирок этганимдан хурсандман, — дейди Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси, Раъно Шерзод. — Авваламбор, мен афғон фарзандлари яхши таълим олиш учун кенг имкониятларни яратиб берган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдираман. Ўтказиладиган фестиваль ҳақида гапирадиган бўлсам, афғон ёшлари ҳам уни интиқлик билан кутяпти. Фестиваль таассуротларини юртимиз ёшларига ҳам улашиш ниятидаман».
Кўргазма 10 апрелгача давом этади.