Оммабоп мусиқа соҳасида ўтказиладиган BraVo халқаро профессионал мусиқий мукофот танловида иштирок этаётган Шаҳзода Филипп Киркоровдан махсус мукофотни қабул қилиб олди. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
Россия эстрадаси қироли мусиқий танлов жўғрофияси кенгайгани муносабати билан махсус меҳмон сифатида таклиф этилган Шаҳзодага эсдалик ҳайкалчасини тақдим этди.
«Сиз Ўзбекистоннинг энг таниқли хонандаларидансиз», — деди Киркоров Шаҳзодага мукофотни топширар экан.
Шаҳзода ўз навбатида танлов ташаббускорларига миннатдорлик билдирди ва бундай эътибордан таъсирланганини айтди. Барча меҳмонларни 21 март куни туркий халқлар томонидан кенг нишонланадиган Наврўз байрами билан муборакбод этди.
Кремль саройида ўтказилган тантанали кечада Россия эстрадаси юлдузлари, шунингдек, америкалик хонанда Майкл Болтон, Буюк Британиядан Леон Льюис ва ирландиялик рок-мусиқачи Крис де Бург чиқиш қилди.
BraVo танлови доирасида мусиқий экспертлар «Йил хонандаси», «Йил мусиқий видеоси» ва «Йил таронаси» каби турли номинацияларда ғолибларни аниқлади.
Изоҳ (0)