Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркияда ўлим жазосини бекор қилишни хато деб атади, дея хабар беради «РБК».
Унинг сўзларига кўра, ўлим жазоси мамлакатга қайтарилиши лозим. Эрдўғон ўз мақсадини 2016 йилнинг июль ойида давлат тўнтарилишига урунганларни қамоқхонада сақлаш зарурияти билан изоҳлади. Турк раҳбари бундай маҳбусларни умрбод озиқлантириш кераклигидан норозилигини билдирган.
«Биз ўлим жазосини бекор қилиб, хатога йўл қўйдик. Биз ноҳақмиз деб ўйлайман. Агар парламентимиз бу қарорни қабул қилса (ўлим жазосини қайтарса - РБК), уни маъқуллайман», — деди Эрдўғон.
2017 йилнинг апрелида Эрдўғон мамлакат ҳукуматида референдумдан сўнг ўлим жазосини жорий этиш зарурлигини таъкидлаганди.
Туркияда ўлим жазоси 1984 йилдан буён амалга оширилмаган. 2004 йилда Эрдўғон мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш мақсадида ушбу жазо чорасини расман бекор қилган. 2016 йилги давлат тўнтарилишига урунишдан сўнг ўлим жазосини жорий қилиш бўйича муҳокамалар қайта бошланган. Президент тўнтариш билан шуғулланадиганларнинг ҳаммасини жазолаш учун ўлим жазосини қонунийлаштириш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган.
Изоҳ (0)