Яшнобод тумани ҳокимлигида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш қандай кечаётгани ҳақида ЎзА «Яшнобод туманида иккита ҳоким бор (ми?)» номли мақола чоп этди.
Мазкур мақола 2019 йилнинг 11 март куни «Яшнободликлар навбат кутишни яхши кўради(ми)» сарлавҳали танқидий мақола ортидан эълон қилинган. Унда аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхши эмаслиги, айниқса тўлов тўлашда одамлар муаммоларга дуч келаётгани, яъни касса ва банкоматларда узоқ навбат кутиб қолаётгани баён этилган эди.
Мақола оддий одамларда қизиқиш уйғотди, албатта. Аммо масъул шахслар бунга парво ҳам қилмади. Айрим ҳокимликлардаги ходимларга ўхшаб телефон орқали «шуни ёзиб нима қилардингиз?», деб иддао қилишса керак, деб ўйлагандим. Афсуски бу сафар хато ўйлабман.
Орадан шунча кун ўтди, туман ҳокими балки интернетга кирмас, ижтимоий тармоқларни кузатмас, унга ўзим маълум қила қолай, деган мақсадда Яшнобод тумани ҳокимлиги расмий сайтига кирдим.
Қандай усулда мурожаат қилиш ҳақида ўйлаб тургандим, ҳокимнинг «виртуал қабулхонаси»га кўзим тушиб қолди. Уни очиб не кўз билан кўрайки, бу ерда «Яшнобод» тумани ҳокими Турдиев Дилмурод Раҳматжонович», деган ёзувга кўзим тушди. Кўзларимга ишонмадим: бу шахс ҳокимликдан кетганига анча бўлди-ку?
Сайтдаги «туман ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари қабул кунлари», деган ёзувни босиб кўрсам, бу ерда «Тиллашайхов Ҳожиакбар Камолиддинович — туман ҳокими вазифасини бажарувчи», деб ёзилган экан.
Хайрият, ҳеч бўлмаса шу ерда аниқ факт бор экан-ку!
Бироқ, кишини ўйлантирадиган томони — наҳотки туман ҳокими виртуал қабулхонаси саккиз ойдан бери очилмаган бўлса? Чунки туманга янги раҳбар тайинланганига шунча вақт бўлди. Ахир кимдир кирганида раҳбарнинг исми-шарифини тўғрилаб қўйган бўларди-да.
Шубҳали «виртуал қабулхона» орқали мурожаат йўлласам, яна эътибордан четда қолади, деб ўйлаб, «Фуқаролар мурожаатлари» рукни орқали мурожаат йўллашга қарор қилдим. Сўралган барча маълумотларни киритдим. «Мурожаат мазмуни» деган майдончага «Uza.uz сайтида 2019 йил 11 мартда эълон қилинган «Яшнободликлар навбат кутишни яхши кўради (ми?) сарлавҳали мақола юзасидан жавоб йўллашингиз сўраймиз», деган сўзлар битилди ва мақолани интернетдан топиш учун манба киритилди. Жўнатилди...
Аммо яна бир жумбоқ пайдо бўлди. Мурожаат кетдими-йўқми, ҳеч қандай «акс-садо» бўлмади. Мурожаатни қайта-қайта юборишимга қарамай, ҳеч бир ўзгариш кўрмадим.
Ҳолбуки, Президент виртуал қабулхонасига мурожаат йўлланганда мурожаат рўйхатга олингани ҳақида хабар келади ва мурожаат рақами мурожаат йўлловчи шахсга маълум қилинади.
Бу ерда эса...
Изоҳ (0)