ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Ургут туманидаги «Жартепа-авто» халқаро ўтказиш пункти яқинида жойлашган Муғол қишлоғида ўтказилган тадбирда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яшовчи Умид Ҳасанов Ургут шаҳрида истиқомат қилувчи Қобил Ахатовга 1,5 килограмм опий гиёҳванд моддасини сотаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тезкор суриштирувлар давомида Умид Ҳасановнинг шериги бўлган Тойлоқ тумани Бачки қишлоғида истиқомат қилувчи Сайфулло Шодиевнинг хонадонида 12 килограмм 445 грамм опий моддаси сақланаётгани маълум бўлди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат бўйича ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида Сайфулло Шодиевнинг таниши бўлган Шуҳрат Мустафоқулов ҳам ушланиб, у ўз отасининг хонадонига 8 килограмм 330 грамм опий ва 2 килограмм 335 грамм героин моддасини яшириб қўйганлиги аниқланди ва мазкур гиёҳванд моддалар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, муқаддам Шуҳрат Мустафоқулов ва Сайфулло Шодиевдан гиёҳванд моддалар сотиб олган фуқаро Акмал Исломовнинг яшаш жойидан эса 1 килограмм 200 грамм опий ва 70 грамм героин моддаси олинди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 23 килограмм 450 граммдан ортиқ опий ва 2 килограмм 400 граммдан зиёд героин гиёҳванд моддаси олинди.
Изоҳ (0)