Эфиопияда ҳалокатга учраган Boeing 737 MAX самолёти учувчиси диспетчерга парвозни бошқариш тизимида муаммолар борлигини ва у аэропортга қайтиши кераклигини айтган. Бу ҳақда TJournal хабар берди.
Ethiopian Airlines директори Теволде Гебремариам диспетчер ва учувчининг суҳбати ёзилган аудиони эшитганини айтган. У, шунингдек, учувчи бошқа ташқи муаммолар ҳақида хабар бермаганини ҳам қўшиб қўйган.
Гебремариамнинг айтишича, самолётнинг қора қутилари ўрганиш учун Европага келтирилади. Аммо қайси мамлакат уни таҳлил қилиши ҳали номаълум.
The New York Times газетасининг ёзишича, 2018 йилда камида иккита АҚШ экипажи Boeing 737 MAX 8 автопилотидаги муаммолар ҳақида хабар берган.
«Уларнинг самолёти автопилот режимга ўтганидан кейин тўсатдан ‘шўнғий’ бошлаган», — дейди журналистлар.
Учувчилар бошқарув режимига ўтгач, йўқотилган баландликка яна кўтарилиб олган.
Эслатиб ўтамиз, самолёт 10 март куни тонгда Эфиопиянинг Дебре-Зейт шаҳри яқинида ҳалокатга учраган. 11 март куни қора қути топилган эди. У ҳақидаги тасвирлар Эфиопия телеканаллари орқали ёритилган. Самолётдаги 157 нафар йўловчининг ҳеч бири омон қолмаган. Унда 30 дан ортиқ мамлакатлар фуқаролари бўлган.
Ушбу моделдаги самолёт билан иккинчи бахтсиз воқеа 2018 йилда Индонезияда содир бўлган: Boeing 737 MAX 8 самолётининг қулаши оқибатида 188 киши ҳалок бўлган. 13 март куни ОАВнинг хабар беришича, Россия ўз ҳудуди бўйлаб Boeing 737 MAX 8 самолётларининг парвоз қилишини тақиқламайди, бироқ S7 ушбу самолётлар фаолиятини тўхтатган ягона компания.
Изоҳ (0)