Шри-Ланкада жаллодлик бўш иш ўрнига берилган эълон қисқа вақт ичида 102 кишининг эътиборини тортди. Бу ҳақда маҳаллий қамоқ хизмати вакилига таяниб, Sputnik хабар берди.
Ушбу эълон маҳаллий ҳукумат наркотик моддалар савдоси учун ўлим жазосини қайта тиклаш ҳақидаги қарорни қабул қилгач берилган эди.
«Номзод ёши 18 ёшдан 45 ёшгача бўлиши, у яхши ахлоқ, ўткир ақл ва стрессларга чидамли бўлиши лозим. Ушбу вакансияга қизиқиш билдирганлар орасида АҚШ фуқароси ҳам бор эди. Аммо унинг номзоди кўриб чиқилмади, чунки жаллод фақатгина Шри-Ланка фуқаролари орасидан танлаб олинади», — дейилади хабарда.
Шри-Ланкада ўлим жазоси қарийб 43 йилдан буёғига амалга оширилмаган, аммо судлар қотиллик, номусга тегиш ва наркотик савдосида айбдор деб топилган шахсларни кўплаб маротаба олий жазога ҳукм қилган. Кейинчалик бу ҳукмлар инсонпарварлик нуқтаи-назаридан умрбод қамоқ жазосига алмаштирилган.
Изоҳ (0)