Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Нукус шаҳрида жойлашган саратон касалликлари шифохонасида бўлиб, оғир дардга чалинган аёллар ҳолидан хабар олди, уларни байрам билан қутлади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тадбир давомида беморлар билан суҳбатлар уюштирилди, уларнинг кайфиятини бироз бўлса-да кўтариш мақсадида совға-саломлар улашилди.
Шарқий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари эса Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари марказларида аёл-қизларга гуллар тарқатиб, уларни байрам билан муборакбод этди.
Таъкидлаш керакки, бу каби тадбирлар республиканинг барча ҳудудларида, барча ҳарбий округларда ўтказилмоқда. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Қамчиқ довонидан тортиб Нукусгача бўлган ҳудудда аёлларга байрамона кайфият улашиш мақсадида янгидан-янги қутловларни ўйлаб топмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида Тошкент шаҳрининг йирик савдо мажмуаларида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий санъаткорлар томонидан байрамона акциялар бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)