Хитойнинг Цинхай провинциясининг шимоли-ғарбий қисмида Марсдаги шароит тақлид қилинган дастлабки база очилди, деб хабар берди «Tengrinews».
Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, ундан олимлар ҳам, оддий сайёҳлар ҳам фойдаланиши мумкин.
«Марс қишлоғи» майдони 32 гектар бўлиб, Хайси—Мўғул—Тибет автоном округидаги Лэнху аҳоли пунктидан 60 километр узоқликда жойлашган. Унинг ҳудудининг аксарият қисмини ўсимликларсиз чўл ташкил этади. Бу ерда турмуш шароити жуда оғир бўлиб, сайёҳлар ўзларини Ерда эмас, Марсда эканлигини ҳис қилиши учун жуда мос келади.
База икки қисмдан: «Марсга кўниш» ва марслик туристлар яшаши учун ташқи дунёдан бутунлай ажратиб қўйилган лагердан иборат. Лагер турли модуллардан иборат бўлиб, унда ўз тажрибаси асосида Марсда яшаш қандай бўлишини билмоқчи бўлган 160 нафаргача одам жойлашиши мумкин.
Маҳаллий ҳукумат 2017 йилдаёқ «Марс қишлоғи» яратишни таклиф қилган. Уларнинг ғоясига кўра, у космосни севувчилар учун машҳур ўқув-маданият маркази бўлиши режалаштирилган.
Қиймати 150 миллион юан (тахминан 22,5 миллион доллар) бўлган лойиҳани амалга ошириш 2018 йилнинг ёзидан бошланган.
Изоҳ (0)