Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2018 йил 4 декабрдаги ҳукмига кўра, О.О. содир қилган фирибгарлик жинояти учун 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ, Апелляция инстанцияси суди судланувчини суд залидан озод этган. Бу ҳақда «Дарё»га Навоий вилоят Жиноят ишлари бўйича суди судьяси Ф.Халилов маълум қилди.
Маълум бўлишича, фуқаро О.О. тендер ким ошди савдосида ер-жой олиб беришда ёрдам беришини айтиб, таниши Анвар ва Жамшидлар орқали Навоий шаҳрида қурилиш билан шуғулланувчи тадбиркор М.О. билан танишган. О.О. Навоий шаҳрида кўп қаватли уй-жой қуриш учун Тошкентдан тендер ким ошди савдоси орқали ер-жой олиб беришга М.О.ни ишонтириб, жой учун экологияга, архитектура, смета харажатларига, давлат божига, ҳокимиятни захира ер фонди ва шунга ўхшаш тўловлар учун 180 000 000 сўм пул тўланиши кераклигини айтиб, М.О.дан, 22 000 доллар пулни олган. 1 ой муддат ичида қурилишни бошлаш учун рухсат олишини айтиб, ҳеч қандай ер-жой учун ҳужжат расмийлаштирмасдан, М.О.дан олган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Апелляция инстанцияси судида, судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилиши жараёнида О.О.нинг яқин қариндошлари томонидан суд ҳукмида кўрсатилган 22 000 доллар зарар суммаси тўлиқ қоплангани, О.О.га нисбатан ҳеч қандай даъво йўқлиги сабаб, 2019 йилнинг 20 февраль куни суд ҳукмини ўзгартириб, юқорида қайд қилинган Қонун ва Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб, О.О.га 13 865 320 сўм жарима жазоси тайинлаб, О.О. озод этилди.
Изоҳ (0)