59 ёшли даниялик икки йил тумовдан азият чеккан. Бунинг сабаби эса бурнидан ўсиб чиққан тиш экани маълум бўлди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар берди.
Икки йил давомида эркак тумовдан қийналиб, бурни оқиб, ҳид билиш сезгиси ёмонлашган. Даволанишнинг жуда кўп усулларини синаб кўргач, Орхус университети қошидаги касалхонанинг оториноларингит бўлимига мурожаат қилган. Компьютер томографияси унинг соғлиғига вирус ёки бактерия эмас, балки шиллиқ билан ўралган қандайдир масса муаммо туғдираётганини кўрсатган.
Шифокорлар дарҳол бунинг дермоид киста ёки ғайритабиий равишда ўсиб чиққан тиш бўлиши мумкинлигини айтган. Бемор операция қилиниб, бурнидан тиш олиб ташланган.
Тишнинг пайдо бўлиш сабаби ҳалигача номаълум. Бу жуда камдан кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, аҳолининг 0,1-1% қисмида, асосан эркакларда учрайди. Бунга турли жароҳат ва инфекция, шунингдек, туғма нуқсонлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бемор ёшлигида бурун ва жағи синганидан азият чеккан. Хабарда айтилишича, эҳтимол шу нарса унинг бурнидаги тишга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Шифокорлар яна бу тиш унинг болалигида ўсиб чиққан, аммо унинг ёнидаги тўқималар шамоллаб қолмагунича ўзини сездирмаган, дея ҳисобламоқда.
Изоҳ (0)