Буюк Британияда соғлом қизини бир неча йил давомида даволанишга мажбур қилган аёл саккиз ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Бу воқеа Ланкашир графлиги Блекпул шаҳрида содир бўлган. 2012—2016 йиллар давомида, қарийб тўрт йил 41 ёшли аёл қизини тутқаноқ касали борлигига ишонтирган ва шифохонама-шифохона етаклаган. Хабарда айтилишича, аёл қалбаки тиббий маълумотнома тайёрлатган. У маълумотномада қизида мавжуд бўлмаган касаллик белгилари бор деб ёзилган ва кўп бор ҳушидан кетганлиги қайд этилган.
Дастлаб шифокорлар аёлга ишонган. Қиз ҳақиқатан касал деб, унга махсус препаратлар ёзиб берган ва қатор таҳлиллар ўтказган. Бироз вақтдан сўнг шифокорлар қизда ҳеч қандай тутқаноқ йўқлигини сезган.
Шундан сўнг мутахассислар қизнинг мактаби билан боғланган. У ерда ҳам ҳеч қачон қизда тутқаноқ белгилари кўринмагани айтилган. Кейин қизга буюрилган препаратлар бекор қилинган. Болани васийлик органлари олиб кетган.
Судья аёлни «ўзбошимчалик ва худбинлик билан қизидан фойдаланганликда» айблаган.
«Она ўз қизи билан бундай йўл тутганига ишониш қийин», — дейди Олий суд вакили.
Аёл қизига нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлганини тан олган. Адвокатнинг сўзларига кўра, аёл ўзига ва қизига нисбатан атрофдагиларда раҳм ҳиссини уйғотмоқчи бўлган.
Изоҳ (0)