Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти Кенгаши ҳамкорлигида «Фидокор ёшлар келажагимиз ва миллий армиямизнинг мустаҳкам таянчи» шиори остида ёшлар анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида ўтказилган мазкур тадбирда ҳарбий хизматчилар, вилоят ҳудудидаги туман ва шаҳарларда фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ва ташкилотлардаги ёшлар иттифоқининг 700 нафардан ортиқ аъзолари ва сардорлари, фидокор ёшлар ва жасорат клуби аъзолари иштирок этди.
Анжуман ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда мазкур йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик масалаларига бағишланди.
Шунингдек, тадбирда ҳарбий қисмнинг 6 нафар ҳарбий хизматчилари ҳарбий қисмдаги ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотига аъзоликка қабул қилинди ва аъзолик гувоҳномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Фарғона вилоят ҳарбий қисмлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти Кенгаши ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма меморандум имзоланди.
Жойларда барвақт содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ташаббус кўрсатаётган ёшлар Миллий гвардия ҳарбий қисми командирининг ташаккурномалари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)